Ўсиб келаётган ёш авлодни турли салбий ҳолатлардан асраш, ёрқин ва бахтли истиқболини таъминлашга бўлган эътибор ҳамиша долзарб ва аҳамиятлилиги билан ажралиб туради. Бугунги глобаллашув даврида, ҳар томондан янграётган турли чақириқлар, даъватлар, таклиф ва ваъдалар тўрида адашиб, ишониб қолиш имкони ҳар қачонгидан кўпроқ. Уларнинг ҳақиқийларини сохталаридан, афзалларини хавфлиларидан ажратиб олиш онги-шуури шаклланмаган, тажриба ва тушунчаси бўлмаган ёшлар учун таҳдидли, албатта. Айниқса, ғўрлигида адашиб жиноят кўчасига кириб қолган ёшлар учун. Бундай салбий ҳолатлардан асраш мақсадида пойтахтнинг Сергели туманида туман ИИО ФМБ Пробация бўлимида рўйхатда турган ёшлар билан учрашув ўтказилди. Унда Республика Божхона қўмитасининг Тошкент шаҳри бўйича бошқармаси, туман прокурори ҳамда туман ИИО ФМБ раҳбарлари иштирок этишди. Очиқ мулоқот тарзида ўтказилган учрашувда ёшлар томонидан уларни қийнаб келаётган масалаларнинг очиқ-ойдин ифода қилиш имкони яратилиб, зарур ёрдам кўрсатиш ҳамда қўллаб-қувватлаш борасидаги ҳуқуқлари тушунтирилди. Ҳар бир ёш билан яккама-якка ўтказилган суҳбатларда аксарият ёшларни муқим иш жойлари билан таъминлаш, ижтимоий-маиший яшаш шарт-шароитларини яхшилаш масалаларига эътибор қаратилди. Шунингдек, мазкур тоифадаги ёшлар томонидан такрорий жиноятлар содир этилишини олдини олиш бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилиб, профилактик суҳбатлар ўтказилди. Учрашув ёшларни тўғри йўлга қайтариш ва жамиятда ўз ўринларини топишига кўмаклашишда муҳим амалиёт касб этиши муқаррар.