6 Март 2026 йил 326

Ёшлар билан очиқ мулоқот — муаммолар ечими ва янги ташаббуслар майдони

Мамлакатимизда ёшлар билан очиқ мулоқотни кучайтириш, уларнинг фикр ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Бу борада амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ёш авлоднинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни турли салбий иллатлардан асраш, таълим ва бандлигини таъминлашга қаратилган.

Шу мақсадда Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Азиз Ташпулатов ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказди.

Учрашув давомида ёшларнинг муаммолари, таклиф ва ташаббуслари тингланиб, уларни қўллаб-қувватлашга қаратилган масалалар муҳокама қилинди.

Ички ишлар вазири томонидан Давлатимиз раҳбари томонидан ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларни ҳуқуқбузарлик ва салбий таъсирлардан ҳимоя қилиш, таълим ва бандлик масалаларини ҳал этиш бўйича улкан ташаббуслари ҳамда бу борада амалга оширилаётган ишлар ҳақида атрофлича маълумот берди.

Қайд этилганидек, бугунги кунда ёшлар билан манзилли ишлаш тизимини йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, Ички ишлар вазирлиги томонидан Пойтахт туманларида ёшлар билан ишлаш тизимини самарали ташкил этиш ва мувофиқлаштириш мақсадида “Ёшлар баланси” шакллантирилиб, жами 13 та штаб фаолияти йўлга қўйилди.

Шу билан бирга, туман ички ишлар органларидан 84 та раҳбарга 815 нафар ёшлар номма-ном бириктирилиб, улар билан манзилли ишлаш, муаммоларини ўрганиш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш чораларини кўриш амалиёти жорий этилди.

Ушбу ёшлар билан тизимли ишлашни таъминлаш мақсадида бир қатор мониторинг механизмлари ҳам йўлга қўйилди.

Жумладан, Тошкент шаҳар ИИББ навбатчилик қисми ва мурожаатлар билан ишлаш бўлими орқали мурожаат қилган, хорижга чиқиш паспортини олган, чет элга чиқиб кетган, пробация ҳисобида турган, суд томонидан белгиланган чекловларни бузган, йўл ҳаракати қоидаларини бузган ёки республика миқёсида жиноят ва маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган ёшлар ҳақида кунлик маълумот олиш амалиёти жорий қилинган.

Тадбир жараёнида масъуллар пойтахтнинг барча туманларидан ташриф буюрган ёшлар билан мулоқот қилишиб, уларнинг муаммоларини тинглашди. Учрашув давомида билдирилган ҳар бир масала юзасидан мутасадди раҳбарларга тегишли топшириқлар берилди.

Мулоқот жараёнида фаол ва ташаббускор ёшларнинг таклифлари алоҳида эътироф этилди. Уларни амалга ошириш, ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш ва уларни қўллаб-қувватлаш бўйича тегишли вазифалар белгилаб олинди.

Учрашув якунида ёшлар мамлакат тараққиёти, жамият тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлашда фаол иштирок этишга тайёр эканини билдиришди.

Шунингдек, бундай очиқ мулоқотлар улар учун катта мотивация ва янги имкониятлар эшигини очаётганини таъкидладилар.

Бундай учрашувлар ёшлар муаммоларини жойида ҳал этиш, уларнинг фикрларини тинглаш ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш орқали мамлакатимизда ёшлар сиёсати самарадорлигини янада оширишга хизмат қилмоқда.

Барча янгиликлар

Text to speech