Ёшлар билан очиқ мулоқот — иқтидор ва ташаббусларни қўллаб-қувватлаш йўлида муҳим қадам
Пайшанба — “Ёшлар куни” муносабати билан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси раҳбарияти томонидан иқтидорли ёшлар билан мазмунли учрашув ташкил этилди. Унда пойтахт ИИББ бошлиғи, Миробод тумани ҳокими, прокурори, ИИО ФМБ бошлиғи, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти талабалари, Бош бошқарманинг соҳавий хизмат раҳбарлари, профессор-ўқитувчилар ҳамда ёш ижодкорлар иштирок этдилар. Очиқ мулоқот давомида мамлакатимизда ёшларга яратилаётган кенг имкониятлар, уларнинг илм-фан, маданият ва ижод соҳаларидаги фаоллиги атрофлича муҳокама қилинди. Айниқса, ёшларни турли салбий иллатлар ва жиноятчиликдан асраш, уларни маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Тадбир жараёнида талабалар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, долзарб таклиф ва ташаббусларини илгари сурдилар. Раҳбарият томонидан ёшларнинг фикр ва ғоялари диққат билан тингланиб, уларни амалиётга татбиқ этиш юзасидан фикр алмашилди. Учрашув доирасида институт талабалари томонидан тайёрланган ижодий ишлар кўргазмаси ҳам намойиш этилди. Унда рассомлик ва дизайн соҳасидаги миллий ва замонавий йўналишдаги асарлар меҳмонлар томонидан юқори баҳоланди. Шунингдек, тадбир иштирокчилари институт музейи билан танишиб, миллий санъатимиз тарихи ва унинг ривожланиш босқичлари ҳақида батафсил маълумотга эга бўлдилар. Таълим жараёни, амалий машғулотлар, ижодий лаборатория ва устахоналар фаолияти ҳам яқиндан кўздан кечирилди. Хулоса қилиб айтганда, мазкур учрашув ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтидор ва салоҳиятини рўёбга чиқариш, шунингдек, жамиятда соғлом ва барқарор муҳитни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган муҳим ташаббуслардан бири сифатида аҳамият касб этди.