Чилонзор тумани ИИО ФМБга Эльмира Х. мурожаат қилиб, онлайн-савдо платформага ўзига тегишли бўлган уяли телефонини сотиш бўйича эълон берганлигини билдирган. Шундан сўнг номаълум шахс Эльмира Х.га мижоз сифатида қўнғироқ қилиб “Samsung A13” русумли телефон аппаратини 2.200.000 сўмга сотиб олишга ва пулларни пластик картадан ўтказиб беришга келишиб олади. Номаълум шахс аёл киши ишонч ҳосил қилиши учун пул маблағлари ўтганлиги ҳақидаги соҳта маълумотни кўрсатади. Лекин аслида ушбу номаълум шахс пулни ўтказиб бермасдан, телефон аппаратини фирибгарлик йўли билан қўлга киритади. Мурожаат бўйича воқеа жойига тергов-тезкор гуруҳи етиб боради ва жабрланувчининг иккинчи телефонида номаълум шахс томонидан қолдирилган бармоқ изларининг папилляр нақшлари излари олинди. Аниқланган бармоқ излари ўрганилиб, маълумотлар базаси орқали текширилганда ушбу бармоқ излари муқаддам судланган, 24 ёшли Азизжон А.га тегишли бўлиб чиқди. Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (“Фирибгарлик”) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ишлари давом этмоқда.