28 Июн 2025 йил 478

Ёш ҳуқуқшунослар финалга йўл олишди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил қабул қилган “Ўқувчи ёшларни чақирувга қадар бошланғич тайёрлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ёшларнинг ҳар томонлама билимларини айниқса, ҳуқуқий саводхонлиги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш борасида қатор вазифалар белгиланган. Унга кўра ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ишларини самарали ташкиллаштириш, режалаштирилаётган ҳарбий ватанпарварлик, ҳуқуқий саводхонликка йўналтирилган йирик лойиҳаларни ягона тизим остида мувофиқлаштириш юзасидан Мудофаа вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Олий суди, Божхона қўмитаси, Олий таълим, Фан ва инновациялар вазирлиги, Мактаб ва мактабгача таълим вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги,“Ватанпарвар” ташкилоти марказий кенгаши ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи марказий кенгаши ҳамкорлигида қўшма қарор қабул қилинган. Мазкур қарорга кўра “Беш ташаббус” платформасида кўзда тутилган тадбирларнинг бири сифатида пойтахт туманларида 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида “Ёш ҳуқуқшунос” танлови ўтказиб келинади. Куни кеча эса туман босқичларида ғолибликни қўлга киритган ҳуқуқшуносларнинг Тошкент шаҳар босқичи ўтказилди. Тошкент шаҳар ИИББ, Ёшлар ишлари агентлиги шаҳар бошқармаси ҳамда Мактаб ва мактабгача таълим бошқармаси ҳамкорлигидаги “Ҳарбий ватанпарварлик спартакиадаси” доирасида ўтказилган мазкур ҳуқуқий танловда барча саволларга тўғри ва аниқлик билан жавоб берган Янгиҳаёт туманида жойлашган 3-сонли мактаб ўқувчиси Абдулло Қурбонмуродов 1-ўринни эгаллади. 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида эса ғолиблик Ўзбекистон республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш Академияси талабаси Шаҳзодбек Қурбоновга насиб этди. Ғолиблар диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар. Биринчи фахрли ўрин соҳиблари танловнинг Республика босқичига йўлланмани қўлга киритишди. Ғолибларга кейинги баҳсларида муваффақиятлар ёр бўлишини тилаб қоламиз.

Барча янгиликлар

Text to speech