26 Феврал 2026 йил 92

Дўстона учрашувнинг душманона якуни

Анчадан буён кўришишмаган танишлар тақдир тақозоси билан учрашиб қолишса, албатта яқин ўртадаги ошхона ёки қаҳвахонада бир пиёла чой устида гурунглашиб ўтиришга ошиқадилар. 2025 йил январь ойининг илк кунларида Аброр ҳам эски таниши Бахтиёрни учратганидан хурсанд бўлиб, яқин ошхонага таклиф қилди. Очилиб-сочилиб ўтириш учун бир шиша ароққа буюртма беришди. Ичлари қизиган сайин суҳбат ҳам қизигандан қизиди. Ҳарорат ошиб ҳар доимгидек, тиллар чувалашиб, онг хира торта бошлагач, гаплари бир-бирига тўғри келмай қолди. Ўртада гап қочди. Ширин бошланган суҳбат низога айланди. Бахтиёрнинг қайсидир ўйламай – маст одам ўйлаш қобилиятини йўқотиши тайин табиий бир ҳолда Аброр унинг гапларини тажовузкорона қабул қилар, жазаваси қўзирди. Ниҳоят ғазаби устун келиб, у ўзи билан олиб юрган пичоғи билан Бахтиёрнинг чап кўкрак қисмига санчди. Ўтказилган суд-тиббий экспертизаси жабрланувчига ҳаёти учун оғир тан жароҳати етказилгани ҳақида хулоса берди.

Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди очиқ суд мажлисида 1996 йилда туғилган Х.Аброрнинг жиноий қилмишини қонунан баҳолаб, уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104 моддаси 2-қисми “л” банди (“Қасддан баданга оғир шикаст етказиш”) билан айбдор деб топди. Унинг айбига тўлиқ иқрорлиги, чин кўнгилдан пушаймонлиги, муқаддам судланмаганлиги, оилавий аҳволи, жабрланувчининг даъвоси йўқлиги инобатга олиниб, Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, 3 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Мазкур жиноят иши тафсилотлари Яшнобод тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, лейтенант Х.Одиловнинг иш юритувидан олинди.

Барча янгиликлар

Text to speech