Жорий йил бошида Юртбошимиз томонидан республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини ошириш бўйича қабул қилинган Қарори пойтахт ИИББ томонидан ижрога олиниб, бу борадаги ишлар кўлами ва суръати кучайтирилган эди. Ўтган вақт мобайнида олиб борилган ишларнинг таҳлили ушбу қарор ижроси натижадорлигини янада оширишга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар қабул қилишга асос бўлди. 2025 йил 18 августида Президентимиз томонидан қабул қилинган қўшимча ва ўзгартиришларга кўра, Тошкент шаҳрида жами 14 та криминоген вазияти оғир ва мураккаб саналган маҳаллалар сифатида тавсифланган маҳаллаларда амалий ишлар бошлаб юборилди. Жумладан, Чилонзор туманидаги 5 та – “Новза”, “Чилонзор”, “Қозиробод”, “Бешчинор” ва “Кўтарма” маҳаллалари раислари, “етти”лиги, фаоллари, масъуллари иштирокида йиғилиш ўтказилди.
Унда туман ИИО ФМБ бошлиғи, полковник Фарруҳ Гиясов, бошлиқ ўринбосарлари ҳамда ИИВ Академияси масъуллари: истеъфодаги генерал-майор Тоҳир Муллажонов, Академия бошлиғи ёрдамчиси полковник И.Ҳимматовлар қатнашдилар. Йиғилганлар “Қозиробод” маҳалласи раиси А.Муталов томонидан қарор доирасида маҳалла ҳудудида амалга оширилаётган ишлар тақдимоти билан танишиб, бу борада ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Сўзга чиққанлар қарорнинг мазмун-моҳиятини шарҳлаб, маҳаллалардаги криминоген вазиятни мўътадиллаштириш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш учун жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этишга мойил бўлган шахсларни аниқлаш, улар билан якка тартибда профилактик-тушунтириш ишларини олиб бориш, яшаш шароитлари, муаммоларини ҳар томонлама ўрганиш орқали тўғри ҳаётга йўлланмалар бериш ҳақида сўз юритдилар. Истеъфодаги генерал-майор Т. Муллажонов жиноятчиликка қарши кураш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича ўз иш тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, қатор чора-тадбирлар ва амалий ишларни тавсия сифатида ўртага ташлади. Йиғилиш сўнггида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга раҳбарлар томонидан жавоб берилди. Шунингдек, қарор ижросини самарали таъминлаш, маҳаллаларда криминоген вазиятни барқарорлаштириш бўйича амалий ишлар белгиланиб, мутасаддиларга тегишли кўрсатма ва топшириқлар берилди.