Расмий ташриф доирасида Хитой Халқ Республикаси Жамоат хавфсизлиги вазирлигининг Ахборот ва тарғибот департаменти билан икки томонлама учрашув бўлиб ўтди. Ушбу учрашув ахборот сиёсати ва стратегик коммуникациялар соҳасида профессионал ҳамкорликни чуқурлаштириш ҳамда тажриба алмашишга қаратилди.
Ташриф давомида делегация ХХР Жамоат хавфсизлиги вазирлигининг Медиа-марказига ташриф буюрди. Бу ерда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини ахборот жиҳатдан таъминлашнинг комплекс тизими тақдим этилди.
Иштирокчилар оммавий ахборот воситалари билан ишлашни мувофиқлаштириш механизмлари, жамоатчиликни тезкор хабардор қилиш тамойиллари, шунингдек, идора фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашда рақамли технологиялар ҳамда мультимедиа платформаларидан фойдаланиш тажрибаси билан танишдилар.
Ишчи йиғилиш давомида дезинформацияга қарши курашиш, инқирозли вазиятларда ягона коммуникация стратегиясини шакллантириш, шунингдек, матбуот хизматлари ходимларининг касбий тайёргарлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар ахборот фаолиятини замонавий медиа-трендлар ва рақамли муҳит чақириқларига мослаштириш бўйича фикр алмашдилар.
Ташриф дастурининг давоми сифатида Нанкин шаҳри Жамоат хавфсизлиги бошқармасининг Ахборот ва тарғибот департаментига ташриф амалга оширилди.
Делегацияга аҳоли билан ахборот алоқаларини йўлга қўйиш бўйича ҳудудий амалиётлар, маҳаллий ОАВ ва ижтимоий платформалар билан ишлаш моделлари, шунингдек, жамоатчилик билан мулоқот самарадорлигини оширишга қаратилган рақамли хизматларни жорий этиш тажрибаси тақдим этилди.
Шунингдек, ташриф иштирокчилари Хитой ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги савдони ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича Ҳамкорлик платформасига ташриф буюрдилар.
Учрашув давомида ҳудудлараро ва идоралараро ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари, савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришда ахборот таъминотининг ўрни, шунингдек, қўшма медиапроектлар ва ахборот ташаббусларини амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Ўтказилган учрашувлар якунида томонлар ахборот, коммуникация ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳаларида профессионал мулоқотни янада ривожлантириш, тизимли тажриба алмашиш ва узоқ муддатли ҳамкорликни мустаҳкамлашга бўлган ўзаро манфаатдорликларини тасдиқладилар.
Замонавий глобал чақириқлар шароитида ахборот фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган амалий ҳамкорликни кенгайтириш ва қўшма ташаббусларни амалга ошириш муҳимлиги таъкидланди.