23 Июл 2025 йил 502

“Деди-деди”- жиноятга етаклади

Безорилик жиноятини содир этиб, жазосини ўтаб қайтган Беҳруз гўёки уни биров атайлаб икки йилу 8 ойга озодлигини чеклагандек ҳар нарсадан шубҳаланадиган, тирноқ остидан кир қидирадиган, яхши гапга ҳам ўта асабий ва тажовузкор жавоб беришни одат қилди. Унга илгари ош-қатиқ бўлган ошно-оғайнилари хушламай шунчаки қўл учида саломлашаётгандек туюлар бу эса баттар унинг ғашини қўзғатарди. Бу ҳам етмагандек, ўзи ҳақида кимларнингдир нималардир деяётгани билан қизиққан Беҳруз дарров гап етказувчи дўстини ҳам топиб олди. Унинг “ахборот” беришича, Мирсаид Беҳруз судлангани ҳамон у ҳақида номақбул сўзлар айтиб, унинг “бўлмағур, яхшиликни билмайдиган, ярамас” ҳамда яна кўплаб ёмон сифатлари ҳақида гап тарқатган эмиш. Буларни эшитган Беҳрузнинг тепа сочи тикка бўлиб, дарҳол Мирсаидга қўнғироқ қилиб, “ўғил болача гаплашиш” учун чақирди. 2024 йилнинг 22 апрель куни соат 20.00 га белгиланган учрашувга ярим соат кечикиб, боз устига Мирсаид бир ўзи келмай яна икки умумий танишлари бўлган Юсуп, Саидаминларни ҳам бошлаб келгани Беҳрузга ёқмади. Мирсаиднинг унга қўйилган айбловларни кескин рад этиши эса унинг жазавасини қўзитди. Беҳруз ўзи билан олиб келган ошхона пичоғи билан ўзини оқлаётган Мирсаиднинг қорин қисмига урди. Сўнг пичоқбозликни тўхтатиб қолмоқчи бўлган Саидаминга ҳезланди. Унинг бош ўнг тепа ва ўнг чакка қисмларига, Юсупнинг кўкрак қисмига пичоқ билан тан жароҳатлари етказди. Сўнгра ўзи қоча бошлади.
Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди очиқ суд мажлисида 2002 йилда туғилган , маълумоти ўрта-махсус, муқаддам судланган Р.Бехрузнинг жиноий қилмишини қонунан кўриб чиқиб, уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми “е”, “л” бандлари (“Қасддан баданга оғир шикаст етказиш”) билан айбдор деб топди. Унинг чин дилдан пушаймонлиги, жабрланувчиларнинг даъвоси йўқлигини эътиборга олиб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.
Мазкур жиноят иши Юнусобод тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими катта терговчиси, катта лейтенант С.Аҳроровнинг иш юритувидан олинди.

Барча янгиликлар

Text to speech