20 Декабр 2025 йил 58

Ватан ҳимоячилари ўртасида қўл жанги чемпионати: куч, маҳорат ва ҳамжиҳатлик синови

“14 январь — Ватан ҳимоячилари куни“ ҳамда хизмат вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар хотирасига бағишланган қўл жанги бўйича идоралараро турнир бўлиб ўтди

Спорт – ватан ҳимоячисининг чинакам ҳамроҳи, мураккаб вазиятларда тўғри қарор қабул қилиш, тезкорлик ва ҳамжиҳатликни таъминловчи куч. Ҳар йили декабрь ойининг сўнгида Қуроли Кучлар ҳарбий хизматчилари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ўртасида “Қўл жанги” чемпионати ўтказилиши анъанага айланган. Жорий йилнинг 19 декабрь куни пойтахтимиздаги Юнусобод спорт мажмуасида ташкил этилган навбатдаги мусобақага Ички ишлар вазирлиги мезбонлик қилди.

Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан хизмат вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчи ва қаҳрамон ходимлар хотирасига бағишлаб ўтказилган чемпионатни Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Азиз Ташпулатов очиб берди. Давлатимиз раҳбари томонидан спортга қаратилаётган юксак эътибор, атлетларимизнинг халқаро мусобақаларда қўлга киритаётган юқори натижалари, аҳолини соғлом турмуш тарзи ва оммавий спорт турларига жалб этиш бўйича эришилаётган ютуқлар ҳақида тўхталиб, мусобақа иштирокчиларига омад тилади.

Шунингдек, Қўл жанги федерацияси раиси-Миллий гвардия қўмондони Рустам Джураев навбатдаги мусобақанинг кўтаринки руҳиятда ўтаётгани, ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари спортчи ходимларидан иборат жамоаларнинг турнирга муносабати йилдан-йилга юқорилаб, ўзаро қизғин курашларга бой бўлаётганлигини таъкидлаб ўтди.

Чиндан ҳам мусобақада иштирок этган ҳар бир спортчи нафақат ўз номи балки хизмат қилаётган тузилмаси шаъни учун ҳам бор маҳоратини намоён этди. Эркаклар ўртасидаги жанглар 8 вазн тоифасида ўтказилди ва унда етти жамоа вакиллари ғолиблик учун кураш олиб боришди. Иштирокчиларининг тезкорлиги, аниқ ҳаракатлари, шиддат ва бардошини синовдан ўтказган саралаш баҳсларидан сўнг, энг кучли ва маҳоратлилар финал босқичида юзма-юз келди. Айрим жангларда тажриба яна ўз сўзини айтган бўлса, айримларида томошабинлар мусобақанинг янги қиёфаларини кашф этишди.

Бу йилги мусобақаларда қизлар ўртасидаги жанглар ҳам мухлис ва мутахассисларнинг эътирофига сазовор бўлганлигини алоҳида қайд этиб ўтиш лозим. Олти вазн тоифасида беллашган қизлар қўл жангининг ўзига хос жиҳатларини кўрсатиб беришди.

Чемпионатнинг якуний натижаларига кўра, умумий ҳисобда 3-ўринни Мудофаа вазирлиги ва Президент давлат хавфсизлик хизмати жамоалари, 2-ўринни Давлат хавфсизлик хизмати жамоаси қўлга киритди. Саккиз вазн тоифасида финалга қадар етиб борган ва тўрт вазн тоифасида биринчи ўринга сазовор бўлган Ички ишлар вазирлиги жамоаси эса фахрли биринчи ўринни эгаллаган ҳолда мусобақа ғолиби деб эълон қилинди.

Шу тариқа Ички ишлар вазирлиги мусобақа байроғини Давлат Божхона қўмитасига топширди.

Барча янгиликлар

Text to speech