9 Сентябр 2025 йил 428

Бугун “ёрдамчи” – эртага тайёр мутахассис

Ёш кадрларнинг иш жараёнларига тезда киришиб кетиши, кўникмаларни шакллантириш, мустақил тўғри қарор қабул қилиши ўқув жараёнларида амалиётни қандай ва кимнинг мураббийлиги остида ўтаганига кўп жиҳатдан боғлиқ. Сўнгги пайтларда дуал таълимга яъни, назарий билимларни амалиёт билан мустаҳкамлаб боришга муҳим эътибор қаратилмоқда. Бу Президентимиз томонидан қабул қилинаётган қарорларда ҳам ўз аксини топмоқда. Хусусан, Юртбошимиз томонидан “Ички ишлар органлари учун профессионал кадрларни тайёрлашнинг янги тизимини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори бунга яққол далилдир. Мазкур қарор асосида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси ҳамда Тошкент шаҳар ИИББ томонидан Ички ишлар органларига етук мутахассислар етиштирувчи ўқув даргоҳи – ИИВ Академияси бакалавриати кундузги таълим шаклида ўқув жараёнини дуал таълим асосида ташкиллаштириш бўйича Қўшма қарор қабул қилинди. Қарорга кўра билим юртининг 2025-2026 ўқув йиллари 2 ва 3-курс курсантларининг жорий йилнинг 9 сентябридан пойтахт ИИББ ҳудудий тузилмаларида 7 та йўналиш – тезкор-қидирув, эксперт-криминалистика, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, хизмат фаолиятини тарбиявий-психологик таъминлаш, ташкилий-штаб, пробация, рақамлаштириш технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш фаолиятлари бўйича ҳафтанинг икки кунида дуал таълимнинг амалиёт қисмини ўташлари белгиланди.

Тошкент шаҳар ИИББда бўлиб ўтган учрашувда Академия бошлиғи полковник Рустам Хатамов, ИИББ бошлиғи полковник Равшан Султанходжаев, курсантлар ва уларга бириктирилган мураббийлар ҳамда бошқа масъуллар иштирок этишди. Унда жорий этилган дуал таълим ҳақида батафсил маълумотлар олиниб, амалиётга старт берилди.

Курсантларга ҳар бир йўналиш бўйича малакали ҳамда катта амалий тажрибага эга ходимлар мураббий сифатида бириктирилиб, улар курсантларга норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўзлаштириш, назарий билимларини амалиётга тадбиқ этишини назорат қилиш қаторида ички ишлар органлари ходимларининг касбий маданият ва хизмат интизоми кодекси, ўрнатилган тартиб-қоидаларга амал қилишларини ҳам баҳолаб борадилар. Таъкидламоқ жоизки, соҳавий хизматлар ва ҳудудий бўлинмаларга бириктирилган курсантлар иш ҳаққи белгиланмаган ва штат бирликларига киритилмаган ҳолда таълим йўналишлари бўйича “ходим ёрдамчиси” лавозимига тайинланадилар. Бу тайинлов бўлғуси ходимларнинг масъулиятини янада оширишга, билимларини амалда эркин қўллашга, тўғри қонуний қарор қабул қилишга туртки бўлади. Яна бир эътироф этадиган жиҳати, билим юртини битирган ҳар бир курсант мустақил ва етук ходим сифатида ички ишлар органлари сафига қўшилади.

Барча янгиликлар

Text to speech