30 Август 2025 йил 365

Бозор одамлар энг кўп тўпланадиган жой. Кимдир бу ерга савдо қилиб рўзғорини тебратиш, кимдир уйига ул-бул харид қилиш, яна кимдир эса...

Қашқадарё вилоятининг Кўкдала туманида истиқомат қилувчи Олимбек (исм- шарифлар ўзгартирилди) пойтахтга юмуш билан келганди. У ўзининг «Nexia-3» автомашинасини «Эски Жува» бозорининг автотураргоҳига қўйиб, дўконлар томон йўл олади. Ишларини битириб чиқса, автоулов эшиклари очилган, салондаги катта миқдордаги пуллар йўқ. У тезда «102»га қўнғироқ қилади. Воқеа жойига Шайхонтоҳур тумани ИИОФМБ тергов-тезкор гуруҳи ходимлари етиб келади.

Ҳолат юзасидан суриштирув ишлари бошланади. Бозор ҳудудидан гумонланувчини топиш, пичан ғарамидан игна қидиришдек гап. Аммо моҳир ходимлар қўлидан унча-мунча жиноятчи қочиб қутула олмайди. – Дастлаб бозор атрофи ва автотураргоҳдаги барча кузатув камераларидаги видеоёзувлар кўриб чиқилди, –дейди туман ИИОФМБ 2-сонли ИИБ ЖҚБ тезкор вакили, майор Нодир Ризаев. – Муқаддам судланган шахслар, бозорда савдо билан шуғулланувчилар билан суриштирув ишлари олиб борилди.

Шунингдек, аниқ иш ва яшаш жойига эга бўлмаган кишилар билан суҳбатлашилди. Бировники бировга буюрмайди, деганларидек, ҳаром луқма кун келиб барибир тешиб чиқиши тайин. Зийрак ва ўз ишининг устаси бўлган ходимларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли гумонланувчининг изи топилди. Илгари ҳам бир неча бор мана шундай қинғирликларни қилиб, осон пул топишга одатланган кимса бу сафар ҳам ходимларни чув тушира олмади. Олиб борилган тезкор суриштирув давомида мазкур ўғриликни Олмазор туманида яшовчи, муқаддам судланган фуқаро Ш.К. содир этганлиги аниқланиб, қўлга олинди. Оз эмас, кўп эмас нақд 128 миллион сўмни ўғирлаган шахснинг қилмиши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Барча янгиликлар

Text to speech