Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди
Тошкент шаҳар ИИББ шахсий таркиби билан ўтказилган навбатдаги Маънавият ва маърифат дарси “Ўзаро дўстлик, яхши қўшничилик-тинчлик гарови” мавзусига бағишланди. Тадбирда Ўзбекистон халқаро Ислом академияси исломшунослик кафедраси катта ўқитувчиси Аъзамжон Мирзақамбаров маъруза қилди. У ўз маърузасида халқлар ўртасидаги тинчлик ва тотувлик мамлакатимизнинг энг катта ютуғи эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди. Тадбир давомида, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори ҳамда ИИВнинг “Ички ишлар органлари тасарруфидаги хизмат уйларини хусусийлаштириш ҳамда ички ишлар органлари ходимлари ва ҳарбий хизматчиларига узоқ муддатли ипотека кредитидан фойдаланган ҳолда, турар жой сотиб олиш учун дастлабки бадал пулини ажратиш тўғрисида”ги буйруғи асосида, ходимларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш мақсадида бир нечта Тошкент шаҳар ички ишлар органлари ходимларига ипотека кредити асосида сотиб олаётган уй-жой қийматини 25 фоизи миқдоридаги дастлабки бадал пулини олиш ҳақидаги сертификатларини топшириш маросими бўлиб ўтди. Сертификатларни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари генерал-майор Азиз Икрамов тантанали равишда топшириб, ходимларга келгусидаги хизмат фаолиятида муваффақиятлар тилади.