Севаранинг ички ишларда органларида фаолият бошлаганига кўп бўлгани йўқ. У 2023 йили Ўзбекистон республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш Академиясини тамомлаб, шу кунгача пойтахтнинг Миробод тумани ИИО ФМБ вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психологи лавозимида ишлаб келмоқда. Унга бириктирилган ҳудудда 3 та умумтаълим мактаби бор. Мактаб маъмурияти, ўқитувчилар таркиби билан мустаҳкам ҳамкорликни йўлга қўйган. Ўқувчиларнинг билим олишлари, ўз келажак йўлларини тўғри танлашлари учун биргаликда келишиб ҳаракат қилинмоқда.
– Болалар билан ишлаш қийин экан, – дейди ўз фаолияти ҳақида гапираркан лейтенант Севара Салимова. – Ўқувчилар орасида қайсар, урушқоқ, ўқишни истамайдиган - бир сўз билан айтганда, муаммоли, тарбияси оғир болалар ҳам йўқ эмас. Бундайлар билан мунтазам равишда суҳбатлар, тушунтириш ишлари олиб борилади. Маҳалла еттилиги, айниқса ёшлар етакчиси билан ҳамкорликда тадбир ишлаб чиқилиб биргаликда ўсмирни тўғри йўлга солиш чоралари кўрилади. Афсуски, бундайлар нафақат ўғил болалар, балки қиз болалар орасида ҳам учрамоқда. Шундайлардан бири мактаблардан бирининг юқори синф ўқувчиси – келинг, шартли равишда Дилобар дейлик – сурункали дарсларни қолдира бошлади. Тушунтириш ишлари, суҳбатлар натижа бермади. Яшаш шароитларини ўрганишга киришдик. Бир неча йиллар олдин ота-онаси ажрашган, онаси пул топиш мақсадида қизини кўзлари ожиз, бемор бувига топшириб, хорижга ишлагани кетган экан. Қиз онаси жўнатаётган пуллардан ташқари, бувисининг нафақасини турли алдовлар билан олиб, кўчада орттирган шубҳали “дўстлари”билан ўйин-кулгу, кераксиз нарсаларга сарфлаб келаётгани аниқланди. Онасини чақиртирдик. Аввалига аёл турли важлар баҳонасида келишни истамади. Бу кетишда қизининг тақдири хунук тугаши ҳақида тушунтирилди. Келгач англадикки, онаси аллақачон қизига таъсирини йўқотган, нафақат таъсирини қизини ҳам фарзанд сифатида йўқотиб бўлган экан. Шундан сўнг ўсмирнинг оиласи билан ҳамкорликда иш олиб борилди.
Лавҳамиз қаҳрамони лейтенант Севара Салимованинг ҳали ўзи ёш, катта тажрибага эга бўлмаганлигига қарамай, фарзанд тарбиясида ота-онанинг роли ўта муҳим эканлигига алоҳида урғу беради. Болаларга аввало меҳр бериш керак, тарбия бериш кераклигини, ўз хулқ-атвори, тарбияси, маданияти билан ўрнак бўлиши кераклигини таъкидлайди. Ўқувчилар билан ишлар экан, уларнинг баркамол вояга етишлари, юртимизнинг муносиб фарзандлари бўлиб камол топишлари йўлидаги эзгу ишларга озгина бўлса-да ҳисса қўшаётганидан фахрланади. Юртимизда нишонланадиган “Ёшлар куни” арафасида ўз тенгдошларига жамиятда фаол ва ташаббускор бўлишларини, билим олишга ҳар қандай шароитда вақт ва имкон топишларини тилайди.