Дунёда касблар кўп. Инсон ҳар бирининг қийин томонлари, машаққатини билса-да қалб амри билан танлайди. Миролимнинг отаси – Миродил ака узоқ йиллар пойтахт ички ишлар органларида сидқидилдан хизмат қилиб, айни дамда қарилик гаштини суриб келаётир.Миролим отаси изидан боришга аҳд қилганида ҳали ўрта мактабни тугатмаган эди. Ўзбекистон республикаси Қуролли Кучлари сафида йигитлик бурчини ўтаб қайтган Миролим, ота изидан бориб, ўз ҳаётини юртимиз тинчлик-осойишталигини сақлашдек шарафли вазифага бағишлашга қарор қилди. “Авваллари отангни ишдан қайтишини кутардим, энди сенинг ҳам ишдан қайтишингни кутарканман-да...”, дея онаси Доно опанинг оқ фотиҳа беришдан бошқа иложи қолмаганди ўшанда. Чунки, Миролим кўринишидан юмшоқ табиатли, хушмуомала бўлгани билан бир сўзли, қатъиятли ва бошлаган ишини охирига етказмай қўймайдиганлардан эди. У 2008 йилда Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги “Қўриқлаш” бошқармаси 2-сонли алоҳида қўриқлаш батальони 5-отрядида сафдорликдан иш бошлади. Отряд командири, капитан Ҳусниддин Бойназаров унга мураббийлик қиларкан, ундаги ғайрат-шижоат, ҳалоллик ва ростгўйлик, тиришқоқлик, билимга чанқоқликни кўриб, “сен ўқи, олдинга интил, офицер бўл, юқорига чиқишга ҳаракат қил, билимларингни зоеъ кетказма!”, деб ўқишга ундади. Шу йилнинг ўзидаёқ Миролим Тошкент Олий ҳарбий техника билим юртига ҳужжатларини топшириб, курсантликка қабул қилинди. Курсантлик йиллари ҳам кўз очиб юмгунча ўтиб кетди. 2012 йилда командирлик факультетини тамомлаган Миролим пойтахт ИИББ Чилонзор тумани ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими профилактика инспектори лавозимига тайинланиб, туманнинг “Бўрижар” маҳалласига бириктирилди. Ўша йиллари аксарият жиноятлар автомашиналарни олиб қочиш, ўғирлик, фирибгарлик, тан жароҳати етказиш,безорилик кабиларни ташкил этарди. Шу йилнинг ўзидаёқ Миролим маҳалла фаоллари бошини бириктириб, автомашиналар олиб қочилиши, ўғирлик жиноятларини тезкорлик билан фош этибгина қолмай, уларни камайтиришга эришди. Бугунги кунда майор Миролим Султонов туманнинг “Меҳржон” маҳалласига хизмат кўрсатиб келмоқда. Маҳаллада 5.200дан ортиқ турли миллат вакиллари истиқомат қилиб келади. Жорий йилнинг бошидан олтита жиноят – иккита фирибгарлик, тўртта ўғирлик жиноятлари “иссиқ изидан” фош этилди. Олиб борилаётган ҳамкорликдаги ишлар натижасида маҳалла “қизил” тоифадан “сариқ” тоифага ўтказилди. Президентимизнинг жорий йил бошидан маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш чора-тадбирлари юзасидан қабул қилган қарорига асосан, Миролим маҳалла еттилиги, корхона-ташкилотлар масъулларини ишга солиб маҳалланинг зарурияти ва гавжумлигини ҳисобга олган ҳолда, 290 га яқин видеокузатув камералари, “Қўриқлаш” бўлими ёрдамида 26 та “Ташвиш” тугмаларини ўрнатишда бош-қош бўлди. Унинг юрт тинчлиги, маҳалла осойишталигини таъминлаш борасида олиб бораётган ишлари раҳбарият томонидан эътиборсиз қолаётгани йўқ. Ўтган йили 25 октябрь – Ўзбекистон республикаси Ички ишлар органлари ходимлари куни муносабати билан майор Миролим Султонов Ўзбекистон республикаси Ички ишлар вазири томонидан эсдалик қўл соати билан тақдирлангани ана шу фидоий хизматларининг муносиб эътирофидир.
– Маҳалла ҳудудида уч нафар спиртли ичимликларга ружу қўйган, икки нафар гиёҳванд моддалар истеъмол қиладиган фуқароларимиз бор эди, – дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Бобур Аматов. – Профилактика инспекторимиз Миролим Султонов уларни тегишли муассасага жойлаштириб, мажбурий даволанишини таъминлади. Кўп йиллардан буён тинчлиги ва ҳаловати бўлмаган оилада бугунги кунда тинчлик-осудалик ҳукм суриб, рўзғорига барака кирган.
Маҳалла раисининг сўзларига кўра маҳалла аҳли майор Миролим Султоновни профилактика инспектори деб эмас, “бизнинг инспекторимиз” деб ўзгача фахр билан тилга олишар экан. Бу маҳалла аҳлининг унга бўлган ишончи ва ҳурматидан дарак, албатта. Зотан, инсон учун энг яхши баҳо, унинг ортидан яхши сўзларнинг айтилишидир.