Пойтахтимиз маҳаллаларида тинчлик-осойишталикни сақлаш, ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик долзарб вазифалардан биридир. Гуруч курмаксиз бўлмаганидек, айрим оилаларнинг фарзанд тарбиясига лоқайдлиги, бепарволиги сабаб афсуски, баъзан кўнгилсиз воқеалар қайд этилмоқда. Жорий йилнинг январь ойида Президентимиз томонидан қабул қилинган жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш йўли билан маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш тизими самарадорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисидаги қарори бу каби жиноят ва ҳуқуқбузарликларга муносиб тўсиқ қўйишда айни муддао бўлгани эътирофга лойиқ. Бугунги кунда маҳалла еттилиги, фаоллари иштирокида содир этилаётган нохуш хатти-ҳаракатларни кенг жамоатчилик билан муҳокама этиш ўзининг ижобий натижасини кўрсатмоқда. Куни кеча пойтахтимизнинг Миробод тумани “Зиёнур” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб ўтган йиғилишда худди шундай қилмишга – маҳаллада содир этилган безорилик жиноятига кенг жамоатчилик танқидий муносабат билдирди. Унда қатнашган Тошкент шаҳар ИИББ ва туман ИИО ФМБ раҳбарияти, профилактика инспекторлари, маҳалла еттилиги, фаоллари ва масъуллар, маҳалла аҳли воқеа бўйича ўз мулоҳазалари, таклиф ва тавсиялари билан бўлишдилар. Муҳокама сўнгида Президентимиз қарорида белгиланган вазифаларнинг мазмун-моҳиятига тўхталиб, унинг ижроси юзасидан маҳалла еттилиги ва масъул раҳбарларга тегишли кўрсатма ва топшириқлар берилди. Шунингдек, маҳалла аҳлининг фарзандлар тарбиясига эътибор бериш, “бир болага етти маҳалла ота-она” иборасига амал қилиш, ҳушёрлик ва огоҳликни ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ва маданиятини шакллантиришга урғу берилиши таъкидланди.