Билим даргоҳлари – тарбия ўчоғи ҳамдир. Уларни хавфсиз ва соғлом таълим даргоҳига айлантирайлик
Гиёҳвандлик балоси глобаллашув даврининг энг хавфли – инсоният генофондига тузатиб бўлмас таҳдид солаётгани билан дунё халқларини жиддий ўйлантирмоқда. Ахборот технологияларининг тўсиқ ва чегара билмас имкониятлари бу муаммонинг янада кенгроқ тарқалишига сезиларли таъсир кўрсатаётгани маълум. Гиёҳвандлик воситалари, психотроп, кучли таъсир қилувчи моддаларининг турлари кўпайиб, аҳолининг турли қатламларигача ўзининг тубсиз домига тортаётгани сир эмас. Афсуски, мазкур иллат юртимизни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Бу офатга қарши кескин кураш, аҳоли саломатлиги, соғлом руҳиятини заҳри-заққумдан сақлаш, унинг ноқонуний айланмасига чек қўйиш борасида Ҳукуматимиз томонидан қатор меъёрий ҳужжатлар қабул қилиняпти. Ҳужжатларда белгиланган чора-тадбирлар ижросини таъминлаш бўйича мутасадди идора ва маҳкамалар, хусусан Тошкент шаҳар ИИББ томонидан гиёҳвандликнинг олдини олиш бўйича комплекс тезкор профилактик тадбирлар изчил равишда амалга оширилмоқда.
Пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманида жойлашган Тошкент кимё-технология институти ҳамда Japan Digital университети маъмурияти ҳамда талабалари билан ўтказилган учрашувлар ана шу долзарб масалаларга қаратилди. Ушбу олий ўқув юртларида “Хавфсиз ва соғлом таълим даргоҳи” шиори остида ўтказилган очиқ мулоқотда туман ИИО ФМБ бошлиғи, полковник Отабек Жамолов, унинг ўринбосарлари ҳамда масъуллар иштирок этишди. Талабалар ҳамда билим юрти маъмурияти олдида маъруза қилганлар гиёҳвандлик, психотроп, кучли таъсир қилувчи моддаларининг инсон саломатлиги, оиласи, шахси шаклланишидаги салбий оқибатлари, унинг истеъмоли ортидан содир этилаётган мудҳиш жиноятлар ҳақида ҳаққоний мисоллар ёрдамида маълумотлар берилди. Шу билан бирга гиёҳвандлик – уни тарқатиш, сақлаш, истеъмол қилиш билан боғлиқ ҳолатлар учун қонунда белгиланган жазолар, мазкур иллатга қарши курашиш, унинг барвақт олдини олиш, ёшларда гиёҳвандликка қарши иммунитет ҳосил қилиш масалаларини муҳокама қилиб, зарурий тавсия ва маслаҳатлар беришди. Ўтказилаётган профилактик тадбирлар давомида талабалар томонидан берилаётган кўплаб саволлар, мавзуга қизиқиш унинг долзарб ва муҳимлигини кўрсатмоқда. Ҳар бир талаба учрашувда кўтарилган мавзудан ўзига тегишли хулоса чиқарса, тўғри йўл танласа, билим даргоҳи хавфсизлиги, ўз хавфсизлигини таъминлаб, бахтли келажагининг мустаҳкам пойдеворини яратишига шубҳа йўқ.