18 Май 2024 йил 1230

“Бешинчиси бўлмайди”

Баъзида  жазони ўташ муассасаларида  жазо муддатини ўтаётганлар билан суҳбатлашганингда, жиноятларини  хаспўшлашга уринаётганидан бу қувлигими, алдовми ёки ўз ёлғонига ўзини ишонтиргиси келадими, англай олмай қоласан, киши.

Биринчи марта ўғирликка қўл урганида Толиб (исмлар ўзгартирилган) 23 ёшда эди. Ҳеч қаерда ўқимаган, тайинли ишламаган бу йигит илк қилмишини  шунчаки  “қизиқиш, енгилтаклик” сифатида баҳолайди.

— Танишимнинг уйида бир муддат ишлашга тўғри келди. Менга пул бераётганида, унинг қаердан олганини кўрдим. Мендан шубҳаланмаса керак, деб ўйлагандим, - дейди у  гўёки, пулни эмас, ерда ётган кераксиз бир тошни олгандек.

Ҳолбуки, бу ёшда одам ўз қилмишини идрок этиши, қонунчиликдан бохабар бўлиши керакмасми? Унинг бу гапидан ўғрилик жиноят эканлигини англаш учун яна неча ёшда бўлишингиз керак эди, деб  сўрагинг келади.

Иккинчи ўғрилигини сабаби бундан-да қизиқ. Бир қиз билан танишиб, гаплашиб юрган. Судланганини қаллиғидан яширган Толиб тўй тараддудини кўра бошлаган. Йигитнинг нияти жиддий эканлигини билган қиз у ҳақда сўраб-суриштириб, судланганлигини билгач, Толибга рад жавобини берган ва бошқа уни безовта қилмаслигини сўраган. Толиб эса ундан ўч олиш мақсадида, қизнинг уйига кириб 10 миллион сўм пулини, уяли телефонини ўмарган. Қиз ҳам зийрак экан, ўғри севгиси рад этилган ошиқ эканлигини тушунди. Яхшиямки, манзилини биларкан, ички ишлар ходимлари манзил бўйича бориб, “иссиғида” ўғирланган пул ва телефонни ашёвий далил сифатида олишга улгуришди.

Ички ишлар  ходимлари жиноятчини “оёғини ерга теккизмай”, тегишли ҳужжатлар, далилий ашёларни тўплаб, ишни судга оширишди. Толиб яна  панжара ортига йўл олди.  Учинчи бор эса :

— Отам оғир касал эди. Уни даволаш учун пул керак бўлди. Мен ўғирликка тушган хонадонда 27 минг доллар борлигини билмагандим. Пулларни отамни даволаш ва дори-дармонлар учун ишлатиб юбордим. Аммо отам барибир тузалмади, - дейди гўёки, отам тузалмас экан, нега мен ўғирлик қилиб ўтириб чиқдим, дегандек чуқур хўрсинади. - Мен эса  яна қамалдим.

Отасининг бетоблигини важ қилган Толиб гўёки бу билан қилмишини оқламоқчидек. Ҳолбуки, ўз эҳтиёжлари, кайфу сафосига сарфлаган пуллар ҳақида эсламайди ҳам.

Кейинги ўғирликларни эса иш тополмаганидан содир этганлигини важ қилган Толиб қамоқхонада бир кун бўлиш нақадар азобли эканлигини, озодликнинг бир дақиқасига арзимаслигини  таъкидлайди.  Агар бу ердан чиқса, зинҳор-базинҳор қинғирликкка қўл урмаслигини, бешинчи бора қамоқхона остонасига қадам босмаслигини, озодликнинг қадрига етиб яшашини қайта-қайта такрорлайди.

— Бешинчиси бўлмайди. Бу ерларни елкамнинг чуқури кўрсин, - дейди  у қатъият билан.

Толиб қамоқдан қамоққа тушиб, умрининг энг гуллаган даврини ўтказиб юборганидан жуда афсусда эканлигини айтади. Тўрт девор ичида ўтириб, на ота-онасига, на яқинларига яхшилик қилган, на оила қурган ва на дўст орттирган бу кимсага қараб, чуқур ўйга толасан, киши. Машойихларнинг ҳаётда адашиш гуноҳ эмас, уни тузатмаслик гуноҳ, деган гапларини эслайсан. халқимизда кўр ҳассасини бир марта йўқотади, деган нақл бор.  Кўзлари кўриб, оёқлари юриб туриб уни қайта-қайта йўқотаётган Толиблар сингариларни тавбасини эшитаркансан, қалб кўр бўлса, кўрар кўздан не фойда, деган ибора қанчалар тўғри айтилганига шоҳид бўласан.

Барча янгиликлар

Text to speech