Бектемир туманида йирик заҳри-қотил савдосига чек қўйилди
Бугунги глобаллашув даврида гиёҳвандлик тобора кенг илдиз отиб, инсоният ҳаётида катта хавф солиб бормоқда. Бу аср вабосига қарши кураш юртимизда давлат сиёсатига чиққани унинг чегара билмаслиги, ёши ва ирқи, миллати, ижтимоий келиб чиқишини танламаслиги, миллат генофондига зиёни билан хавфлилигида. Шу боис мазкур иллатга қарши курашиш, унга барҳам беришга катта эътибор берилмоқда. Президентимиз томонидан 2025 йилнинг 3 ноябрида имзоланган “Аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандлик ва наркожиноятлардан самарали ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармони бу иллатга қарши эълон қилинган курашни янада жадаллаштиришга қаратилган. Фуқароларни гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний айланмаси, тарқатилишининг олдини олиш ҳамда муносиб тўсиқ қўйиш борасида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан мунтазам равишда тезкор-қидирув тадбирлари амалга ошириб келинмоқда. Куни кеча Бектемир туманида пойтахт ИИББ ҳамда Давлат хавфсизлиги хизмати Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда заҳри-қотилни яширин равишда тарқатиб юрган шахс қўлга олинди. Унинг вақтинча яшаб келаётган хонадонида ўтказилган тадбирда турли хилдаги умумий оғирлиги 2 кг 200 гр, истеъмол учун қадоқлаб сотилганда 66 700 дона – бир марталик дозани ташкил этувчи гиёҳвандлик моддалари ҳамда муқим яшаш жойи бўлган Жиззах вилоятидаги ҳовли ҳудудига кўмиб қўйилган 800 гр синтетик гиёҳвандлик моддалари топилиб далилий ашё сифатида расмийлаштириб олинди. Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилган, тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Гумондорнинг мазкур оғуларни кимдан олгани, унинг манбааларини аниқлаш бўйича тезкор-тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ҳурматли фуқаролар! Агар сиз гиёҳвандлик моддалари билан боғлиқ бирор маълумотга эга бўлсангиз ИИВнинг ишонч телефонлари: 71-231-55-54, 71-231-55-00, 77-353-55-00, 77-454-55-00 рақамларига ёки “stopnarko_bot” телеграм ботига хабар беришингизни сўраймиз. Мурожаатчининг шахси сир сақланиши кафолатланади.