Бектемир тумани судьяларининг ёшлар билан учрашуви
Пойтахтимизнинг Бектемир тумани ИИО ФМБ биносида ҳамда туманнинг “Абай” маҳалласида сайёр суд мажлиси ҳамда профилактик учрашув бўлиб ўтди. ”Менинг маҳаллам, менинг судьям” шиори остида ўтказилган сайёр суд мажлислари ва учрашувларда туман суди судьялари, маҳалла фаоллари, маҳалла ёшлари, профилактика инспекторлари ҳамда олтмишдан ортиқ оғир тоифадаги ёшлар иштирок этишди. Сўзга чиққанлар ёшлар томонидан ҳаётда тўғри йўлни танлаш, бахтли келажагини яратиш борасида давлатимиз томонидан яратилаётган шарт-шароитлар, берилаётган имкониятлар, амалдаги ижтимоий ва моддий қўллаб-қувватлаш дастури ҳамда жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш, содир этилган жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг аянчли оқибатлари ҳақида сўз юритишди. Учрашув давомида тиланчилик билан шуғулланиш, талон-торожлик ҳолатлари, диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш, ички ишлар ходимларининг қонуний талабларини бажармасликка оид маъмурий ҳуқуқбузарликлик сайёр суд мажлисида кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди. Ёшлар мурожаатларини ўрганиш давомида йигирмадан ортиқ ёшларнинг муаммоларига ечим топилиб, ижобий ҳал этилди. Мажлис якунида масъуллар иштирокчиларни қизиқтирган саволларига батафсил жавоблар бериш билан бирга малакали ҳуқуқий маслаҳатлар беришди. Учрашув ёшларни ўз бахтли келажакларини яратишга масъулият билан ёндашиш ҳамда яратилаётган имкониятлардан тўғри фойдаланиш йўлида муҳим ҳаракатлантирувчи куч бўлиб хизмат қилиши, шубҳасиз.