26 Январ 2023 йил 2394

Шахсий диний билимларга таяниб номақбул ахборот тарқатиш жавобгарликка олиб келади

Жорий йилнинг январь ойида ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида яшовчи 1991 йилда туғилган Х.Д. ва 1989 йилда туғилган И.О.лар томонидан “Аёл кишининг кўчага чиқиш одоблари...” номли видеолавҳа тарқатилиб, унда бу шахслар диний мазмунда аёлларнинг кўчага чиқишга оид турли номақбул чекловларини баён қилганлари акс этган.

         Ҳолатни ўрганиш мақсадида Х.Д. ва И.О.лар жорий йилнинг 26 январь куни Тошкент шаҳар Юнусобод тумани ИИО ФМБга таклиф этилди. Ўтказилган суҳбат давомида аёлларнинг кўчага чиққанида ўзларини қандай тутиши, одоби, бегона шахслар билан қандай муносабатда бўлишлари ҳақида ўз ташаббусларига кўра шахсий диний қарашларидан келиб чиққан ҳолда муносабат билдирганликлари маълум бўлди.

         Ўтказилган профилактик суҳбат давомида фуқароларга Ўзбекистон Республикасининг “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги Қонун талаблари тушунтириб ўтилди. 

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонунига асосан, жинс бўйича билвосита камситиш, яъни бир жинсдаги шахсларни бошқа жинсдаги шахсларга нисбатан ноқулайроқ ҳолатга тушириб қўядиган вазиятларни, ҳолатларни ёки мезонларни яратиш,
шу жумладан гендер тенгсизликни оммавий ахборот воситалари, таълим, маданият орқали тарғиб этиш, муайян жинсдаги шахслар учун салбий оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган шарт-шароитлар ёхуд талаблар белгиланишига йўл қўйилмайди. Ушбу Қонуннинг
29-моддасида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик белгиланган.

Шундай экан, турмушда ва жамиятда қабул қилинган хулқ-атвор нормалари ва қоидаларига риоя этишда инсонлар ўзларининг диний ва аҳлоқий қарашлари орқали бошқаларга баҳо бериши ёки бошқача кўринишда шахсий ҳаётига аралашиши мумкин эмас. Ушбу тартибга қарши ҳар қандай инсонларнинг ҳаракати қонун асосида қатъий
таъқиб қилинади.

Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунининг 10-моддасига биноан, мамлакат ҳудудида диний мазмундаги материалларни тайёрлаш
ва тарқатиш диншунослик экспертизасининг ижобий хулосаси олинганидан кейин амалга оширилади.

Шу муносабат билан, ушбу фуқаролар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1842-моддаси (Диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш)га асосан маъмурий жавобгарликка тортилдилар.  

Ҳурматли фуқаролар!

Турли миллат ва конфессия вакиллари истиқомат қиладиган жамиятимизда қонун билан ўрнатилган ва ижтимоий келишув асосида тартибга солинадиган муносабатларга қарши ҳар қандай турдаги ножоиз гап-сўз ва саъй-ҳаракатлар аҳоли орасида тушунмовчиликлар юзага келишига ва турли муаммолар келиб
чиқишига сабаб бўлади.

Халқимиз менталитети, миллий урф-одатлари ва жамиятда
қабул қилинган юриш-туриш қоидаларини хурмат қилган ҳолда,
миллий қонунчилигимизга итоаткор бўлишга чақирамиз.

Барча янгиликлар

Text to speech