Республикамиз ҳудудларида жиноятчиликка қарши кураш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш масалалари ҳуқуқий фуқаролик жамиятини яратиш йўлидаги устувор вазифалардан бири. Бу борада Президентимиз томонидан қатор меъёрий ҳужжатлар қабул қилиниб, республикамизда, хусусан, пойтахтимизда тинчлик-осойишталикни сақлаш, жамоат тартибини таъминлаш, жиноят ҳамда ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олишга қаратилган аниқ ва муҳим вазифалар белгиланиб берилмоқда. Таъкидламоқ жоизки, қабул қилинаётган ҳужжатларнинг аввало мазмун-моҳиятини, бундан кўзланган эзгу мақсадларни англаш ҳамда ижрочиларга тушунарли тарзда етказиш, ижро самарадорлигини таъминлаш учун тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши кўзланган натижага етакловчи муҳим омилдир. Шу мақсадда Республика ИИВда тузилган ишчи гуруҳ томонидан Тошкент шаҳар ИИББ соҳавий хизматлари, таркибий тузилмалари, барча туман ИИО ФМБ шахсий таркибига мазкур қарорлар мазмун-моҳиятини етказиш мақсадида сайёр ўқув-машғулотлари ўтказилди. Машғулотлар Президентимиз томонидан “Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда “2026 йилда республика маҳаллаларида жиноятчиликнинг барвақт профилактикаси самарадорлигини янада ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари мазмун-моҳиятини чуқур ўрганиш ҳамда ижросини таъминлашга қаратилди. Машғулотлар Республика Маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш бошқармаси бош инспектори, подполковник Ғ.Абдуллаев, ИИВ Малака ошириш институти ўқитувчиси, подполковник Б.Юсупов ҳамда ИИВ Академияси ўқитувчиси, подполковник К.Убайдуллаевлар томонидан ўтказилиб, замонавий интерфаол услублар асосида олиб борилди. Маърузачилар маҳаллаларда хавфсиз муҳитни таъминлашда ижтимоий-профилактика самарадорлигини ошириш устувор вазифа эканлигига урғу беришди.
Шунингдек, жиноятчиликни камайтириш, айниқса оила-турмуш муносабатлари доирасидаги, аёллар ва ёшлар иштирокида содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларнинг асл келиб чиқиш сабабларининг илмий ёндашувлар асосида таҳлили юзасидан тушунтиришлар берилди. Ўқув-семинар якунида Президент қарорларида белгиланган вазифаларни амалиётга тўлиқ тадбиқ этиш, маҳаллаларда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, жиноятчиликнинг барвақт профилактикасини янги босқичга олиб чиқиш бўйича аниқ тавсиялар берилиб, тегишли вазифалар белгилаб олинди.