Жорий йилнинг 5 январида Президентимиз томонидан қабул қилинган “Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳияти Тошкент шаҳар ИИББ шахсий таркиби томонидан кенг кўламда ўрганилиб, қарор ижросини самарали таъминлаш мақсадида Бош бошқарма қуйи тизимлари шахсий таркибига ҳам етказилди. Хусусан, қарордан кўзланган асосий мақсадларга: ижтимоий профилактика самарадорлигини оширишни устувор вазифа этиб белгилангани ҳолда маҳаллаларда хавфсиз муҳитни ишончли таъминлаш бўйича манзилли профилактик чора-тадбирлар тизимини жорий этиш орқали жиноятчиликни кескин камайтириш, оила турмуш муносабатлари доирасида ҳамда аёллар ва ёшлар томонидан содир этилаётган жиноятларнинг асл сабабларини илмий ёндашувлар асосида таҳлил қилиш орқали уларнинг барвақт олдини олиш, ҳар қандай ноқонуний ҳолатлар юзасидан мурожаатларга тезкорлик билан муносабат билдириш тизимини яратиш, бу борадаги фаолиятни бевосита жойларда самарали йўлга қўйиш каби масалалар алоҳида таъкидлаб ўтилди. Қарорнинг мазмун-моҳиятидан келиб чиқилиб, маҳаллаларда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш бўйича самарали тизимни йўлга қўйишга қаратилган манзилли ишларни ташкиллаштириш юзасидан криминоген вазияти оғир ҳисобланган ҳудудлар масъул раҳбарлар ва мутасаддиларга номма-ном бириктирилмоқда. Улар томонидан маҳаллаларни ижобий томонга ўзгартириш юзасидан аниқ ва самарали иш режалари белгилаб олинмоқда.
Бундан ташқари манфаатдор вазирлик ва идоралар билан оила-турмуш доирасида содир этиладиган жиноятларнинг олдини олишга қаратилган низоли оилалар ҳақидаги маълумотларни тўплаш, таҳлил қилиш ва мониторингини юритиш имконини берувчи “E-ijtimoiy profilaktika” ахборот тизимининг “E-nizoli оila” модулини жорий этиш ҳамда судлар ўртасида тўғридан-тўғри интеграция қилиш, “Менинг инспекторим” мобил иловасини ишлаб чиқиш ва оммалаштириш чораларини жадаллаштириш масалаларига жиддий ёндашилмоқда. Қарорда белгиланган вазифаларни самарали амалга оширилиши пойтахтимиз маҳаллаларида тинчлик-осойишталикни, жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар ҳақ-ҳуқуқларини кафолатлаш, ҳуқуқий саводхонлигини оширишга катта ҳисса қўшади.