Жиноятни очишдан кўра уни олдини олиш афзалдир. Бунинг учун эса нафақат ички ишлар ходимлари балки, маҳалла фаоллари, маҳалла аҳли, мутасаддилар ҳам бир ёқадан бош чиқариб биргаликда фаолият юритмоғи лозим. Лоқайдлик ва бепарволикни йиғиштириб огоҳлик ва ҳушёрликни оширмоқ орқали кўнгилсиз ва салбий ҳолатларга барҳам бериш мумкин. Шу ўринда Чилонзор тумани 3-сектор раҳбари Неъматулло Хайдаров томонидан криминоген вазияти оғир ҳисобланиб, қизил тоифага киритилган “Навбаҳор” маҳалласида маҳалла еттилиги аъзолари ва тегишли масъул идора ходимлари иштирокида Ўзбекистон республикаси Президентининг 2025 йил 3-январдаги “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан амалий ўқув машғулоти ўтказилди. Аввало, маҳалла еттилиги аъзолари томонидан бириктирилган ҳудудда тинчлик-осойишталикни таъминлаш, жиноятлар ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида олиб борилаётган ишлар ўрганилди. Маҳаллада беш мингга яқин турли миллат вакиллари истиқомат қилиб келишади. Маҳалла ҳудудида 15 та кўп қаватли уйларда 1263 та хонадон мавжуд бўлиб, уларда икки мингдан ортиқ фуқаролар яшашади. Аҳоли истиқомат қилиб келаётган хонадонларнинг 408 таси шу кунга қадар ўрганиб чиқилди. Ўрганиш натижасида 3 нафар шахс ишга жойлаштирилди, бир нафарига касб эгаллаши учун қисқа курсларга йўлланма берилди, 5 нафарининг бандлиги таъминланган бўлса 13 нафар шахслар билан ўтказилган суҳбатларда ҳуқуқий тушунтириш ва тавсиялар берилди. Тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган аммо моддий етишмовчилик туфайли зарурий тикув машинкасини харид қилиш имконига эга бўлмаган фуқаро С.Каримовага Н.Ҳайдаровнинг ташаббуси ҳамда ҳомийларнинг ёрдами билан тикув машинкаси олиб берилди. Фуқароларнинг яшаш шарт-шароитларини ўрганиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилиниб, тегишли баҳо берилгач, Н.Ҳайдаров қабул қилинган қарорнинг мазмун-моҳиятига тўхталди. Шунингдек, қарорнинг бандларидан келиб чиқиб келгусида қарор ижроси юзасидан амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар юзасидан тегишли кўрсатмалар берилиб, ижроси назоратга олинди. Қарорнинг ижросини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар бошқа туманларда ҳам давом эттирилмоқда.