5 Июл 2025 йил 2437

Тошкент шаҳар ИИББ раҳбарияти аҳоли мурожаатларини ўрганди

Сўнгги йилларда мамлакатимизда ҳар бир соҳа ва йўналишда фуқаролар мурожаатларини ўз вақтида ва тўлиқ ўрганиш ҳамда улар юзасидан қонуний чоралар кўришга устувор вазифа сифатида эътибор қаратилмоқда. Тошкент шаҳар Миробод туманида жойлашган 110-сонли умумтаълим мактабида Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи полковник Равшан Султанходжаев ва Миробод туман ҳокими Анвар Сайфуддиновнинг аҳоли билан ўтказган сайёр қабули ана шу устувор вазифа ижросининг узвий давомидир. Сайёр қабул аҳолини ўйлантириб келаётган муаммоларига ечим топишга қаратилган бўлиб, очиқ мулоқот чоғида аҳолининг мурожаатлари ва саволлари тингланди.

Сайёр қабул давомида ўн беш нафар шахснинг мурожаати жойида ижобий ҳал этилган бўлса, қолганлари қўшимча текширув ва ўрганиш талаб қилганлиги сабабли ижро муддатлари белгиланиб, назоратга олинди. Жумладан, Миробод тумани ИИО ФМБ пробация хизмати ҳисобида турган 3 нафар фуқаролар Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди.

Шунингдек қабул давомида 16 ёшга тўлган шахсларга Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик паспорти тантанали равишда топширилди.

Қабулдан сўнг Бош бошқарма бошлиғи шу мактаб ҳудудида ташкил этилган ёзги болалар оромгоҳида яратилган шароитларни ўрганди. Маълумки, ёз фаслида ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни соғломлаштириш ва ижобий фаолиятга йўналтириш мақсадида мамлакатимиз бўйлаб “Долзарб 90 кун” лойиҳаси олиб борилмоқда. Мактабдаги соғломлаштириш майдончалари, болалар тўгараклари фаолияти, ўқув хоналари, ошхона ва санитария шароитлари билан мутасаддилар танишишди.

Шу билан бирга ИИББ раҳбарияти шу туманда истиқомат қилувчи – узоқ йиллар ички ишлар органларида хизмат қилиб нафақага чиққан фахрий ходим Аллаберган Матниёзовнинг хонадонига бориб, ундан хабар олди. Бир пиёла чой устида иш жараёнида бўлиб ўтган эсда қоларли воқеалар хотирланди.

Барча янгиликлар

Text to speech