20 Август 2025 йил 468

Ҳамшира-тренер-ички ишлар ходими

Навоий давлат педагогика институтини битирган Нилуфар бир оз муддат болалар спорт мактабида тренерлик қилди. Иши қизиқарли ва фойдали бўлса-да тақдир йўллари уни ички ишлар органларига етаклаб келди. 2018 йилда Тошкент вилояти Миллий гвардияси сафларида илк фаолиятини бошлаган Нилуфар Раҳматова бугунги кунда Тошкент шаҳар Чилонзор тумани ИИО ФМБ Қўриқлаш бўлими хизмат бўйича инспектори, капитан лавозимида фаолият юритиб келмоқда. Мустақиллигимиз тенгдоши бўлган Нилуфар Раҳматова ўз хизмат вазифаларини бажариш баробарида бўлим хотин-қизлар кенгаши раиси ҳамдир. Жамоатчилик топшириқлари қаторида хизмат вазифаларини аъло даражада бажариб, пойтахт ҳудудида тинчлик-осойишталикни таъминлаш, жиноятчиликка қарши кураш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасига муносиб ҳиссасини қўшиб келаётганидан мамнун. Халқ хўжалиги, саноат объектлари, хонадонлар қўриқловини ишончли ҳамда кафолатли таъминлаш, ходимлар фаолиятини назорат қилиш асосий вазифаларидан биридир. Шунинг билан бирга, ходимларнинг ижтимоий-маиший муаммоларини ўрганиш, тиббий-руҳий ҳолатига эътибор масалалари ҳам диққат марказида. Ҳар бир ходимнинг хизмат вазифаларини виждонан бажариши, ишга ўзини фидо этиши унинг оиладаги тинчлиги, хотиржамлигига кўп жиҳатдан боғлиқ. Кимдир фарзандини боғчага, қайси биридир мактабга жойлаштира олмай, яна бири бемор яқинларига кўмак беришга қийналади: хуллас, ҳар бир оила, ҳар бир инсонга хос бўлган тирикчилик ташвишу қувончлари ходимларга ҳам бегона эмас. Улар ҳам қўллаб-қувватлаш, далда, кўмакка муҳтож инсонлардир. Ана шу дунёвий ташвишларни раҳбарият, масъуллар билан ҳамкорликда бартараф этиш, инсонийлик муносабатларини йўлга қўйишда лавҳамиз қаҳрамонининг ўзига хос ўрни бор. Шу ўринда педагогик институтига ўқишга киришдан аввал Нилуфар онаси ҳамшира бўлганлиги боис, онасини кўнглига қараб тиббиёт билим юртини битириб, туман шифохонасида ҳамшира бўлиб ишлаганлигини эслатиб ўтиш жоиз. Ҳолбуки, инсонлар дарду ташвишини ҳис этиш ўшандан бошланган десак, муболаға бўлмас.
– Мен мустақиллик билан бирга улғаймоқдаман, – дейди капитан Нилуфар Раҳматова. – Орзуларимни рўёбга чиқаришда ҳаракатларим эркин, барча имконият эшиклари очиқ. Энг асосийси, юртимда тинчлик, фаровонлик, мўл-кўлчилик ҳукмрон. Қайга боқманг, юксалиш, бунёдкорлик, ривожланиш шоҳиди бўласиз. Ҳалол меҳнат қилсангиз, қадрингиз баланд. Бундай юртни севмай, эъзозламай бўладими?!

Барча янгиликлар

Text to speech