30 Июн 2025 йил 984

Қалб амри билан

Ички ишлар органларида ишлашни қалб амрига кўра танлаганлар аксариятни ташкил қилади. Шундайлардан бири пойтахтимизнинг Юнусобод тумани ИИО ФМБ профилактика инспектори лавозимида фаолият юритиб келаётган лейтенант Беҳзод Жумаевдир. Қаҳрамонимиз Навоий давлат педагогика институтини тамомлагач, бир неча йил умумтаълим мактабида муаллимлик қилди. Болаларга таълим бериш вақтида ҳуқуқий саводхонликнинг, ҳуқуқий маданиятнинг етарли эмаслиги оила, фарзанд тарбиясидаги айрим кемтикларга сабаб эканлигини англади. Муаллимлик даври унга ўзига хос мактаб вазифасини ўтади. Беҳзод 2022 йилда Тошкент шаҳар ИИББга ҳужжатларини топширди. Аҳоли билан ишлаш кўникмаси, билим ва тажрибага эга бўлган, интилувчан, ўзига талабчан, масъулиятли йигит барча синовлардан муваффақиятли ўтиб пойтахтнинг Юнусобод тумани 2-ИИБ профилактика инспекторлигига тайинланди. У устози: профилактика катта инспектори, майор Одил Қўлдошевнинг бошчилиги ва назоратида нимаики ўрганган бўлса, барчасини амалда қўллаб кам бўлаётгани йўқ. У иш бошлаган “Севинч” маҳалласининг “қизил” тоифадан яшил тоифага ўтишида ана шу кўникма ва устозининг берган билимларининг ўрни катта. Маҳаллада ўн икки мингга яқин турли миллат вакиллари тинч-тотув истиқомат қилиб келади. Уч ярим мингдан кўпроқ оила вакилларининг осуда-омон, эркин умргузаронлик қилиши, ўқиш, меҳнати завқи ва самарасидан баҳраманд бўлиб яшаши учун маҳалла обод ва тинч бўлиши зарур. Ана шу зарурат эса бетиним ҳаракат, маҳалла еттилиги, фаоллари, мутасадди ташкилот ва идоралар билан ҳамкорликда профилактик тадбирлар ўтказиш, аҳолининг ҳар бир мурожаати, уларни қийнаб келаётган муаммоларига биргаликда ечим топиш билан таъминланади, албатта. Лейтенант Б.Жумаев маҳалла раиси Муродилла Саидхўжаев, маҳалла еттилиги, фаоллари ва масъул ходимлар билан бир ёқадан бош чиқариб мазкур саволларга жавоб топиш йўлида. Узоққа бормайлик жорий йилнинг апрель-май ойларида ўтказилган гиёҳвандлик, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласига қарши кураш ойлигида ҳушёрлиги боис иккита жиноятни фош этди. Заҳри қотилни тарқатишга уринган 22 ёшли Ботир Т. ҳамда 28 ёшли Эркин С.нинг жиноий ҳаракатларига чек қўйди. Ўз вазифасига сидқидилдан ёндашиб, маҳалла тинчлиги-осудалигини таъминлаб келаётган Беҳзод раҳбарият томонидан бир неча бор рағбатлантирилган.
– Беҳзод хизматда ёш бўлишига қарамай, ўз вазифаларига ўта масъулият ҳамда тиришқоқлик билан ёндашади, – дейди Юнусобод тумани ИИО ФМБ 2-сонли ИИБ бошлиғи, подполковник Абдушукур Абдуфаттоҳов. – Фуқаролар билан хушмуомала, берилган топшириқларни вақтида бажаради. Аҳоли мурожаатлари, хабарларига тезкорлик билан муносабат билдиради. Аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини мунтазам равишда олиб бориши натижасида маҳаллаларимиз тинч-осуда.
Лейтенант Беҳзод Жумаев ўз вазифаларини сидқидилдан бажариш, маҳалла ҳаётида фаол иштирок этиш билан бирга рафиқаси –ҳамшира Нозигул билан аҳиллик ва биргаликда икки вояга етмаган фарзандларининг тарбиясига масъул. Оила тинч бўлса маҳалла тинч, маҳалла тинч бўлса юрт тинч. Буни чуқур англаган Беҳзод маҳалла тинчлиги-осойишталигини сақлаш йўлида барча имкониятларини ишга солишига шубҳа йўқ.

Барча янгиликлар

Text to speech