11 Сентябр 2025 йил 392

Шайхонтоҳур туманида “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви

Ёшлар келажагимиз. Уларни миллий анъаналаримиз, қадриятларимиз, бошлаган эзгу ишларимизнинг хайрли давомчилари, баркамол авлод қилиб тарбиялаш бизнинг бурчимиздир. Мазкур жараёнга давлат сиёсати даражасида эътибор берилаётгани бежиз эмас. Масъуллар томонидан ёшлар билан очиқ мулоқот, давра суҳбатлари, учрашувлар ўтказилиши ана шу эзгу мақсадларни қамрайди. Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБ бошлиғи, полковник Отабек Жамолов томонидан тумандаги “Сархумдон” маҳалла фуқаролар йиғини биносида ўтказилган “Раҳбар ва ёшлар” тадбири ҳам ана шу мавзуларни ўз ичига олди. Унга бевосита мазкур маҳаллада яшовчи, Пробация ҳисобида турувчи “қизил тоифа”га мансуб ёшлар жалб қилинди. Учрашувда бугунги кунда долзарб бўлган гиёҳвандликка қарши кураш, кибермаконда илдиз отаётган турли фирибгарлик, шахсий маълумотлардан фойдаланиб содир этилаётган товламачилик ва бошқа жиноятлар ҳақида маълумотлар келтирилиб, улардан ҳимояланиш, кибергигиена талаблари бўйича тавсия ва йўриқлар берилди. Маърузалар якунида иштирокчи ёшларнинг муаммо ва мурожаатлари тингланиб, 8 нафарининг мурожаати учрашув залининг ўзида ижобий ҳал этилди, 4 нафарига ҳуқуқий тавсиялар берилиб, 3 нафариники муддат белгиланиб назоратга олинди. Жумладан, пробация ҳисобидаги М.Гулноза яшаш манзилини ўзгартираётгани сабабли дуч келган муаммолар шу жойнинг ўзида ечимини топган бўлса, Д.Камоланинг ишга жойлашиш борасидаги мурожаатини ҳал қилиш борасида маҳалла ёшлар етакчиси ва профилактика инспекторларига тегишли топшириқлар берилди. Учрашув сўнгида ёшлар ўзларини қизиқтирган барча саволларига ҳуқуқий жавоблар олишди.


Шунингдек, туман ИИО ФМБ бошлиғи О.Жамолов, унинг ўринбосарлари ҳамда туман Солиқ бошқармаси бошлиғи Х.Мулладжановлар туманда жойлашган Ренессанс таълим Университетига ташриф буюришди. Олий ўқув юрти маъмурияти ва талабалари иштирок этган учрашувда масъуллар пойтахтимиз ҳудудида ўтказилаётган “Хавфсиз кибермакон” ойлигидан кўзланган мақсаднинг мазмун-моҳиятига тўхталдилар. Ушбу мавзунинг нақадар долзарблиги, аксарият фуқароларимиз, айниқса ёшларимиз енгил пул топиш илинжида ижтимоий тармоқлардаги фирибгарлик ва кибержиноятларнинг қурбонига айланиб қолаётганлигига урғу беришди. Шу билан бирга йиғилиш иштирокчиларига тармоқлардаги контентларга ишонавермаслик, ўз шахсий маълумотлари, маблағларини ҳимоя қилиш бўйича тавсия ва маслаҳатлар берилди.


Бу каби профилактик, огоҳлантириш тадбирлари туманнинг барча маҳаллалари, ўқув юртлари ва муассасаларида мунтазам равишда ўтказилмоқда.

Барча янгиликлар

Text to speech