Шайхонтоҳур туманида гиёҳвандлик воситалари тарқалиши тўхтатиб қолинди
Гиёҳвандлик- бежизга аср вабоси дейилмайди. Бугунга келиб у дунё миқёсидаги глобал муаммога айланиб бормоқда. Гиёҳванд, психотроп, кучли таъсир қилувчи воситаларнинг ноқонуний муомаласига қарши кураш нечоғлик фаол олиб борилмасин, унинг тарқалиши, савдоси, истеъмоли ҳамон бўй кўрсатиб бормоқда. Бу ҳолатнинг ёшларимиз ўртасида кенг тарқалаётгани, ижтимоий тармоқларда турли алдовлар ва васвасага солувчи ваъдалар билан ўз комига тортаётгани ачинарли ҳол.
“Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли тезкор профилактик ойлиги доирасида пойтахтнинг Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБ ЖҚБ ходимлари амалга оширган тезкор тадбирда 1997 йилда туғилган Ж.Шохруҳ ҳамда унинг таниши 1998 йилда туғилган С.Равшанлар истиқомат қилиб келаётган хонадонда ўтказилган тинтув жараёнида эллик дона яшил рангли термопластикка ўралган моддалар, кучли таъсир қилувчи дори воситалари, беш дона елим идиш ичида ва бир дона полиэтилен пакет ичида ўткир ҳидли тузсимон моддалар борлиги аниқланиб, холислар иштирокида расмийлаштирилиб олинди.
Барча аниқланган моддалар Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБ Тергов бўлимига тақдим этилди. Текширув якуни бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади. Ҳурматли фуқаролар, Агарда сиз ҳам гиёҳвандлик воситалари муомаласи билан боғлиқ бирор маълумотга эга бўлсангиз дарҳол ИИВ нинг ишонч телефони: 71-231-55-54, 71-231-55-00, 77-353-55-00, 77-454-55-00 рақамларига мурожаат қилишингизни сўраймиз. Мурожаатчининг шахси сир сақланиши кафолатланади.
“Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли тезкор профилактик тадбирлари давом этмоқда.