13 Феврал 2026 йил 292

Аҳоли мурожаатлари қонуний ечимини топмоқда

Давлат раҳбарининг республикамиз маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этиш, хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича қабул қилган қарорлари ижросини таъминлаш борасида пойтахт туманларида ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Ижро интизомини текшириш, амалга оширилаётган ишлар натижаси билан танишиш мақсадида, куни кеча Сергели туман ҳокими Д.Исматов, туман прокурори Ў.Давланов ва ИИО ФМБ бошлиғи Б.Анваров ҳамда мутасадди ташкилот раҳбарлари ҳамкорликда туман ҳудудидаги “Бунёдобод” маҳалласига ташриф буюрдилар. Ўрганишлар давомида ушбу маҳалла фаоллари, “еттилиги” ҳамда профилактика инспекторларининг хизмат фаолияти ўрганилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш, ижро самарадорлигини ошириш юзасидан тегишли топшириқлар берилди. Ўрганишлардан сўнг маҳалла аҳлини ижтимоий, ҳуқуқий йўналишларда ўйлантириб келаётган, муаммоли масалаларини тинглаш, уларга қонуний жавоб топиш, ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида сайёр қабул бўлиб ўтди. Сайёр қабул давомида 18 нафар фуқароларнинг мурожаатлари тингланди. 8 та мурожаатларнинг ечимига қабулхонанинг ўзида жавоб топилиб, 4 тасининг ижроси назоратга олинди. 6 таси бўйича малакали ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Бундан ташқари беш нафар ёшнинг муаммоси ҳам ўрганилиб, жойида ижобий ҳал этилди. Таъкидламоқ жоизки, маҳалла аҳлининг мурожаатларига ўз вақтида ҳамда малакали ҳуқуқий муносабат билдириш кўплаб масалаларнинг тезкорлик билан ҳал этилишига олиб келмоқда. Бу эса ўз ўрнида адолат қарор топишига фуқароларнинг ишончини орттирмоқда.

Барча янгиликлар

Text to speech