Тошкент шаҳар ИИББ аёл-ходималари “Фидойи аёл-ходима” кўрик-танловида ўз билим ва маҳоратларини синовдан ўтказдилар
ИИО тизимидаги аёл ходималар бугун юртимиз тинчлиги ва осойишталиги йўлида йигитлар билан бир сафда хизмат олиб боришмоқда. Ана шундай хотин-қизларнинг касбий билим ва малакаларини янада ошириш, уларни кўллаб-кувватлаш, хизмати давомида ютуқларга эришиб келаётганларини моддий ва маънавий рағбатлантириш мақсадида Тошкент шаҳар ИИББ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати томонидан кўрик танлов ўтказилди. Унда бош бошқарманинг барча тизимларида хизмат олиб бораётган 26 нафар аёл-ходималар 4 босқичдан иборат танловда ўз билим ва маҳоратларини синовдан ўтказдилар.
“Фидойи аёл-ходима” кўрик-танловида ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий ва соҳага оид билимларини аниқлаш бўйича тест синовлари ўтказилди. Танловнинг 2-босқичида ходималар жанговар ва жисмоний таёргарлик бўйича куч синашдилар. Пазандалик маҳорати йўналишлари бўйича улар томонидан тайёрланган турли хил ноз-неъматлар ва асосий таом “паловхонтўра” ҳакамлар хайъати томонидан юқори баҳоланди.
Танлов иштирокчилари қўйилган вазифаларни аъло даражада бажарганликлари сабабли ҳакамларга осон бўлмади. Узоқ баҳслардан сўнг қуйидаги қарор қабул қилинди: 1-ўринга Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ канцелярия катта иш юритувчиси сафдор Нигина Абдуллаева лойиқ деб топилди. Иккинчи ўринга ЙҲҲБ оператори сафдор Хуршида Джалилова ва Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати катта психологи лейтенант Нодирабегим Ибрагимовалар муносиб кўрилди, учинчи ўрин эса Юнусобод тумани бўйича ИИО ФМБ 2-сон ИИБ ҲПБ катта инспектори катта лейтенант Дилноза Сидикова, Миробод тумани бўйича ИИО ФМБ ЖҚБ тезкор вакили майор Ширин Норматова ҳамда Тиббиёт бўлими ҳарбий-тиббиёт комиссияси психиатр-шифокори лейтенант Ферузахон Саидхановаларга топширилди.
Ғолибларни тақдирлаш маросими 8-март – Халқаро хотин-қизлар куни арафасида бўлиб ўтади.