Ҳурматилла ёшлигидан автомобилларга қизиқди. автомобилларга техник ёрдам кўрсатиш шохобчалари усталарига шогирд тушиб, автомашиналарни таъмирлаш бўйича анча-мунча тажриба орттирди. Кейинчалик ҳам бу ишини давом эттириб, мижозларининг ҳурматини қозонди. Бироқ ишхонада ҳамкасби Ш.Обид билан муносабатлари бошидан қовушмади. Қўл учида, наридан бери ишлайдиган Обиднинг иш услуби унга ёқмасди. Бу аввалдан мавжуд бўлган ўзаро кўринмас адоват 2024 йилнинг 5 февралида бўй кўрсатди. Ўша куни соат 18.00 ларда ишини тугатиб, кетишга тараддудланаётган Ҳурматиллага Обид – гарчи у раҳбар бўлмаса-да – бир автомашинани кўриб, тузатишини талаб қилди. Унинг буйруқ оҳанги Ҳурматиллага ёқмади ва бу автомашина эгаси билан Обиднинг ўзи гаплашиб, келишгани боис ўзи тузатишини айтди. Ўртада гап кўпайиб жанжалга айланди. Жанжал эса муштлашувга. Муштлашув пайтида Ҳурматилла стол устида турган пичоқни олиб Обиднинг бел қисмига тиқиб олди. Шариллаб оққан қон унинг иккинчи зарбасини тўхтатиб қолди. Қилмишидан қўрқиб кетган Ҳурматилла жабрдийдага ёрдам бериш ўрнига қочиб кетди. Ўтказилган суд-тиббий экспертизаси жабрланувчига ҳаёти учун хавфли бўлган оғир тан жароҳати етказилгани бўйича хулоса берди.
Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди очиқ суд мажлисида 1998 йилда туғилган, муқаддам судланмаган Н.Ҳурматилланинг қилмишини қонунан баҳолаб, уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми “л” банди (“Қасддан баданга оғир шикаст етказиш”) билан айбдор деб топди ва 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилди.
Мазкур жиноят иши тафсилотлари билан Учтепа туман ИИОФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, капитан Шерзод Аминжонов таништирди.