Давлатимиз раҳбарининг топшириғига асосан, 2023 йилда ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва мафкуравий тарбиясидаги мавжуд муаммоларни ўрганиб, бартараф этиш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, барча тоифадаги раҳбарларга ижтимоий ҳимояга муҳтож, турли муаммоларга эга ёшлар бириктирилган бўлиб, ҳар бирининг муаммосини ҳал этишга индивидуал равишда ёндашилмоқда.
Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи генерал-майор Азиз Ташпулатовга 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган 66 нафар ёшлар бириктирилган бўлиб, ҳар бирининг хонадонига борилди ва улар билан якка тартибда ишлар ташкиллаштирилди. Жумладан, соғлиғида муаммоси бор ёшлар тиббий кўрикдан ўтказилиб, малакали мутахассислар томонидан тавсиялар берилди, даволаш режаси ишлаб чиқилди, стационар даволанишга муҳтожлар учун ордер расмийлаштирилди, махсус қаровга муҳтож бўлган бир нафар бола махсус мактаб-интернатга жойлаштирилди. Шунингдек, айрим ёшларга махсус курсда таҳсил олиши учун йўлланма берилди ва ўзини ўзи таъминлаши учун ишга жойлаштирилди, тузалиш йўлига ўтган ёшлар муддатидан илгари пробация ҳисобидан ечилди, айримларига кийим-кечак, озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа зарурий буюмлар олиб берилди. Бу каби тадбирлар давом этмоқда.