27 Март 2023 йил 1761

Ёшлар – келажагимиз бунёдкорлари

Давлатимиз томонидан ҳар бир соҳага катта эътибор қаратилмоқда, айниқса, ёшлар масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилиши бежиз эмас. Зеро, ёшлар келажагимиз пойдевори, эртанги кунимиз бунёдкорлари. Уларни қўллаб-қувватлаш, ҳаётда ўз ўрнини топишида, тўғри йўлни танлашида ёрдам бериш учун барча сектор раҳбарлари ҳам бирдек масъул.

Тошкент шаҳар ИИББ томонидан ҳар бир ёшнинг муаммосини ўрганиш ва манзилли ёрдам бериш мақсадида жойларда учрашувлар ўтказилмоқда.

ЎзЭкспомарказдаги сўлим боғда пойтахт ИИББ бошлиғи генерал-майор Азиз Ташпулатов Юнусобод тумани ёшлари билан юзма-юз кўришди. Учрашув давомида А.Ташпулатов давлатимиз томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар, ёшлар учун яратилган шароит ва имкониятлар ҳақида сўз юритди. Шунингдек, 30 апрель куни бўладиган референдумда ҳар бир фуқаро ўзининг фаол фуқаролик позициясини намоён этиши учун иштирок этиши ва ўз келажаги учун овоз бериши кераклигини таъкидлади.

Тадбир давомида “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турувчи талабаларнинг контракт тўловчи учун сертификат берилди, фаол ёшлар етакчиларига эса Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг ташаккурномаси тантанали равишда топширилди.

Юнусобод туманида истиқомат қилувчи, 20 ёшгача бўлган Ўзбекистон футбол терма жамоасининг аъзолари, Осиё чемпионлари Аббос Файзуллаев ва Отабек Боймуродовнинг тадбирдаги нутқи ёшларни янада илҳомлантирди, ўз олдига қўйган мақсадларига эришишда шижоатлантирди.

Учрашув сайёр қабулга уланиб кетди. Туман ҳокими Баҳодир Абдувалиев, сектор раҳбарлари ва мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирок этган қабулда ёшлар ўзларини қийнаётган муаммолар билан бевосита раҳбарларга мурожаат этишди. Бу каби учрашувлар ёшларнинг муаммосини жойида ҳал этишга, раҳбарларнинг аҳолига янада яқин бўлишига хизмат қилади.

Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг ёшлар билан учрашуви давом этмоқда.

Барча янгиликлар

Text to speech