Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи томонидан Олмазор туманида мурожаатлар ўрганилди
Аҳолини қийнаётган муаммоларга ечим топиш, юртдошларимизнинг турмуш фаровонлигини ошириш мақсадида турли ҳудудларда сайёр қабуллар ўтказилаётгани Ватанимизда инсон қадри нечоғлик юксаклигидан далолат беради.
Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг галдаги сайёр қабули айни мақсадга қаратилди. Олмазор туманида ташкил этилган қабулда 52 нафар фуқаро иштирок этиб, ўзларини қийнаб келаётган турли масалалар, ишга жойлашиш, соғлиғини тиклаш, имтиёзли кредит олиш, бандликни таъминлаш мақсадида асбоб-ускуналар харид қилиш ва моддий ёрдам олиш бўйича мурожаат қилдилар.
Қабул давомида мурожаатларнинг 11 таси жойида ижобий ҳал этилди. Қолган мурожаатларнинг ижроси маълум вақт талаб қилганлиги сабабли, муддатлар белгиланиб, тегишли масъулларга топшириқлар юклатилди.
Бир сўз билан айтганда, сайёр қабул фуқароларнинг узоғини яқин, мушкулини осон қилди.