Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди
Тил нафақат муомала воситаси – балки ҳар бир халқнинг маданияти, урф-одати, турмуш тарзи, унинг ажралмас тарихи ҳамдир. Инсоннинг маънавий, маданий савияси ҳам унинг тилида, гўзал нутқида намоёндир. Навбатдаги “Маънавият ва маърифат дарси” мавзусининг тилимиз тарихи ва ривожига бағишлангани бежиз эмас. Ҳолбуки, инсон онги, тафаккурини белгиловчи омил тилдир. Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университети доценти, филология фанлари бўйича фалсафа доктори Наргиза Тўхтаеванинг пойтахт ИИББ мажлислар залига йиғилган шахсий таркиб олдидаги маърузаси “Тил – маънавий камолот калити” мавзусига бағишланди. У ўз чиқишида аждодларимиз тилимизни асраб-авайлагани, ривожлантиргани, уни бойитиб келганлиги ҳақида сўзларкан, уни келгуси авлодларга етказиш бизнинг ҳам бурчимиз эканлигини қайд этди. Шунингдек, юртимизда мустақиллигимизнинг илк дамлариданоқ “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг қабул қилиниши ўзлигимизни англаш, тилимизни йўқотиб қўймаслик қаторида халқимизни ҳам йўқотиб қўймаслик учун ташланган муҳим қадам бўлгани таъкидланди. Йиғилганлар маърузани катта қизиқиш билан тингладилар. Тадбир “Таҳлилнома” ахборот дастури намойиши билан якунланди.