Пойтахт аҳолиси мурожаатларини ўрганиш, ижтимоий, шахсий, оилавий турмуш ҳаётларида пайдо бўлган муаммо ва саволларига қонуний жавоб бериш мақсадида Тошкент шаҳар ИИББ раҳбариятининг навбатдаги сайёр қабули Сергели туманида жойлашган “PDP University” биносида ўтказилди. Таъкидлаш жоизки, ИИББ раҳбарияти томонидан туманларда сайёр қабулларнинг ташкил этилиши фуқаролар учун катта қулайликлар яратиш баробарида аҳоли билан давлат органлари ўртасидаги ўзаро ишонч ҳамда ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Ҳолбуки, улар орасида ёши улуғлар, бемор ва ёлғизлар ҳам аксариятни ташкил этади. Навбатдаги сайёр қабул Сергели ва Янгиҳаёт туманлари аҳолисининг мурожаатларини ўрганиш ҳамда уларга ечим топишга қаратилди. Қабул давомида ўрганиб чиқилган мурожаатлар ички ишлар органлари фаолияти билан бевосита боғлиқ бўлган мурожаатларни, хусусан: терговга қадар текширув, суриштирув ва тергов ҳаракатлари, ички ишлар органларига хизматга қабул қилиш, кадрлар масалалари билан боғлиқ, светофор ва йўл белгиларини ўрнатиш кабиларни ташкил этди. Қабулга ташриф буюрган шахслар учун тегишли қулайликлар ва шароитлар яратилгани, ҳар бир мурожаатга эътибор билан ёндашув қабулнинг тартибли ва кўтаринки руҳда ўтишини таъминлади.