8 Феврал 2023 йил 529

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев пойтахт жамоатчилик вакиллари ва мутасаддилар иштирокида йиғилиш ўтказди

Энергетика масалаларини ҳал қилишда қайта тикланувчи энергия салоҳиятига таянилади

Айни пайтда Президент пойтахт жамоатчилик вакиллари ва мутасаддилар иштирокида йиғилиш ўтказмоқда.

Йиғилишда Тошкент шаҳрининг электр энергияси ва табиий газга эҳтиёжи тобора ортиб бораётгани таъкидланиб, энергетика масалаларини тўлиқ ҳал қилиш учун барча ҳисоб-китоблар қилингани айтилди.

Авваламбор, қайта тикланувчи энергия салоҳиятидан фойдаланиш зарур.

Шаҳарда камида 2 минг мегаваттга яқин қувватли қуёш панелларини ўрнатиш мумкинлиги қайд этилди. Бу ишлар билан кўп қаватли уйлар, ижтимоий соҳа объектлари, давлат идоралари ва тадбиркорлик биноларининг том қисми, саноат зоналари ҳудуди, автотураргоҳлар ва йирик сув иншоотлари ҳудудини қамраб олиш мумкин.

Бу чоралар кўрилса, ҳисоб-китобларга кўра, 2023 йилда кутилаётган 240 миллион киловатт соатлик талабни 4 баравар ортиғи билан, яъни 1 миллиард 80 миллион киловатт соат ҳажмда таъминлаш имконияти пайдо бўлади.

Манбаа: https://t.me/Press_Secretary_Uz/2909 

 

Тадбиркор ва аҳоли ишлаб чиқарган электр энергияси давлат томонидан кафолатли сотиб олинади

Президентимиз электр ишлаб чиқаришда давлат монополиясидан кетиб, рақобатли муҳит жорий қилиш зарурлигини таъкидлади.

Жумладан, панел ўрнатган тадбиркорлар ишлаб чиқарган электрни давлат кафолатли сотиб олади. Кейинги йилдан эса бошқа истеъмолчиларга ҳам сотиши мумкин бўлади.

Аҳоли ўз хонадонида панел ўрнатса, эҳтиёжидан ортиқ тармоққа сотган электр энергиясининг ҳар бир киловати 1 минг сўмдан сотиб олинади (ҳозирги тариф 295 сўм).

Ҳар ойда ҳисоб-китоб қилиб, маблағлар хонадон эгасининг пластик картасига ўтказиб берилади.

Манбаа: https://t.me/Press_Secretary_Uz/2910

 

Тошкент шаҳрини энергия ресурслари билан таъминлашни яхшилаш мақсадида Президент томонидан қуйидаги қўшимча вазифалар белгилаб берилди:

- саноат зоналари ва йирик корхоналарда қуёш панеллари ўрнатиш орқали 400 миллион киловатт соат электр чиқариш бўйича лойиҳаларни бошлаш;

- ижтимоий соҳа ва давлат идоралари биноларида қуёш панелларини ўрнатиш ҳисобига 75 миллион киловатт соат электр ишлаб чиқаришни таъминлаш;

- Юқоричирчиқ туманида 500 мегаваттли йирик қуёш электр станциясини қуриш;

- пойтахтдаги саноат корхоналарида электр йўқотишларини 1 фоизга камайтириш ва энергия самарадорлигини 3 фоизга ошириш;

- 1 минг 817 та кўп қаватли уйларнинг ички иситиш тизимини тўлиқ янгилаш;

- 300 километр магистрал иссиқлик тармоқларини янгилаб, йўқотишларни 5 фоизга камайтириш.

Умуман, шаҳарда қайта тикланувчи энергия жорий қилиш учун 1 миллиард доллар йўналтирилади.

Манбаа: https://t.me/Press_Secretary_Uz/2911 

 

Йиғилишда 2023 йилда пойтахтда аҳоли бандлигини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

Янги иш ўринларини яратиш бўйича улкан марраларга эришишда тадбиркорларга таяниш, уларни қўллаб-қувватлаш лозимлиги таъкидланди.

Жумладан, бу йили Тошкент шаҳрида хизматлар соҳасини ривожлантириш учун 20 триллион сўм кредит йўналтирилади, оилавий тадбиркорлик учун 300 миллиард сўм имтиёзли кредитлар ажратилади.

Мутасаддиларга йил якунига қадар:

- 14 та йирик савдо комплексини ишга тушириш, шунингдек 12 мингта савдо-сервис объектлари ташкил этишни таъминлаш;

- 57 та меҳмонхона, 3,5 мингта умумий овқатланиш ва маҳаллаларда 7 мингта савдо-сервис объектларини ишга туширишга кўмаклашиш топширилди.

Манбаа: https://t.me/Press_Secretary_Uz/2912 

 

Маҳаллаларда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини яхшилаш учун Тошкент шаҳрига 1,4 триллион сўм маблағ йўналтирилмоқда.

Шунингдек, “Очиқ бюджет” доирасида маҳаллалар инфратузилмасига 573 миллиард сўм ажратилади.

Президент маҳаллаларни ободонлаштириш, тармоқлар, йўллар, сув иншоотларини таъмирлаш ишларига яна қўшимча маблағ ажратилишини таъкидлади.

Шунинг учун шаҳардаги 584 та маҳалланинг ҳар бирига бюджетдан қўшимча 1 миллиард сўмдан, жами яна 584 миллиард сўм ажратишга қарор қилинди.

Манбаа: https://t.me/Press_Secretary_Uz/2913 

 

"Биз пойтахт аҳолисининг талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб, бундай хайрли ишларимизни жадал давом эттирамиз", - Президент

Йиғилишда пойтахт жамоат транспорти соҳасида олиб борилаётган ва режалаштирилган ишларга тўхталиб ўтилди.

"Мана, бугун янги метро станцияларини бориб кўрдик. Янги линияда жами 7 та станциялар ишга тушганидан кейин, метрода кунлик йўловчилар сони 1 миллионга чиқади", - деди давлатимиз раҳбари.

Шаҳарда тирбандликни қисқартириш, одамларнинг узоғини яқин қилишга қаратилган бу ишлар давом эттирилиши таъкидланди. Жумладан:

- 1 апрелга қадар қўшимча 1 мингта автобус олиб келинади;
- 25 та кўчада автобуслар учун алоҳида йўлаклар ташкил этилади;
- йил якунигача 233 та чорраҳадаги светофорларни йўловчи оқимига қараб бошқариш тизими жорий қилинади;
- 20 та оқим юқори кўчаларда хусусий шериклик асосида жами 10 минг ўринли паркоматлар ташкил қилинади;
- Чилонзор, Юнусобод ва Яшнобод туманларидаги шаҳарга олиб кирувчи 6 та метро бекати атрофида автотураргоҳлар ташкил қилиниб, тайёр бизнес сифатида аукционга чиқарилади.

Манбаа: https://t.me/Press_Secretary_Uz/2914

 

Шаҳарда бош режа бўлмагунча, янги қурилишларга мораторий эълон қилинади

Давлатимиз раҳбари қурилишга рухсат берилганда, мавжуд инфратузилмага юклама бўйича аниқ ҳисоб-китоб қилинмаётгани, яшил майдонлар ташкил қилиш ишлари қурилишлар билан ҳамоҳанг олиб борилмаётганини танқид қилди.

Шу боис, шаҳарнинг бош режаси тасдиқланмагунча янги қурилишларга мораторий эълон қилиниши таъкидланди.

2023 йилда Тошкент шаҳрининг яшиллик даражасини 28 фоизга етказиш вазифаси қўйилди.

Шу мақсадда 100 гектар майдонда янги боғ ташкил қилинади. “Тошкент яшил белбоғи” лойиҳаси бошланиб, баҳор мавсумида 525 минг туп дарахт ва буталар, 20 миллион туп гул кўчатлари экилади.

Манбаа: https://t.me/Press_Secretary_Uz/2915

 

Йиғилишда пойтахтда чиқинди билан ишлаш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.

Тошкент шаҳрида йилига 700 минг тонна чиқинди ҳосил бўлиши билан, бугунги кунда бор-йўғи 18 фоизи қайта ишланмоқда.

Бундан ташқари, чиқиндиларни саралаб йиғиш бўйича қилинаётган ишлар ҳам мутлақо қониқарсизлиги таъкидланди.

“Махсустранс” фаолиятини ислоҳ қилиш, унинг молиявий аҳволини яхшилаш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Мутасаддиларга шаҳар чиқиндисини қайта ишлашни камида 50 фоизга етказиш вазифаси қўйилди.

Йиғилиш якунида шаҳар раҳбарияти ва туманлар ҳокимларининг ҳисоботи тингланди.

Манбаа: https://t.me/Press_Secretary_Uz/2916 

 

Барча янгиликлар

Text to speech