27 Феврал 2023 йил 2277

Ноқонуний диний фаолият жавобгарликка сабаб бўлади

Жорий йилнинг февраль ойида профессионал диний маълумотга эга бўлмаган ҳолда ўзбошимчалик билан шахсий диний тушунчаларини бошқаларга “пул эвазига сотишни касб” қилиб олган қатор фуқароларнинг ноқонуний фаолиятига чек қўйилди.

Хусусан, Сергели тумани ИИО ФМБ томонидан Тошкент шаҳри, Сергели тумани, “Янги Сергели” маҳалласида жойлашган “YASIN ACADEMY” номли ўқув марказида араб тилини ўргатиш баҳонасида фуқароларга ноқонуний равишда диний таълим бериш ҳолати аниқланди.

Ўқув маркази раҳбари фуқаро А.Н. араб тилини ўқитишга тегишли рухсатга эга бўлмасдан, меҳнат қонунчилигига зид равишда ҳеч қандай шартнома, буйруқларсиз ўзаро оғзаки келишув асосида фуқаролар Н.Ш. ва Ш.И.ларни жалб қилиб, 5 нафар вояга етмаган мактаб ўқувчиларига моддий манфаатдорлик эвазига ўз шахсий диний қарашларидан келиб чиққан ҳолда ноқонуний диний таълим берган.

Миробод тумани ИИО ФМБ томонидан фуқаро А.Л. Telegram мессенжерида “Танишларим” номли виртуал гуруҳ ташкил қилиб, ҳеч қандай диний билимга эга бўлмай туриб, 3 нафар фуқароларга моддий манфаатдорлик эвазига онлайн тарзда ноқонуний диний таълим бериб келганлиги аниқланган.

Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБ томонидан Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур тумани, “Бўстон” маҳалласида ижарада яшовчи фуқаро К.К. ва унинг турмуш ўртоғи Х.М.лар яшаш манзилида моддий манфаатдорлик эвазига 4 нафар вояга етмаган шахсларга ноқонуний диний таълим берганлиги аниқланган.

Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонунининг 3-моддасига биноан, диний таълим муассасаларидан ташқарида диний таълим фаолияти билан шуғулланиш қонунга хилоф диний фаолият ҳисобланади ҳамда жавобгарликка сабаб бўлади.

Шу муносабат билан, тегишли суд идоралари томонидан ушбу шахсларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилди ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 241-моддасига (“Диний таълимотдан сабоқ бериш тартибини бузиш”) мувофиқ, фуқаролар А.Н.га нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баробари миқдорида, Ш.И., К.К. ва Х.М.га – 5 баробар, Н.Ш.га – 3 баробар, А.Л.га – 1 баробар миқдорда жарима жазоси тайинланди.

Эслатиб ўтамиз, диний таълимотдан сабоқ бериш тартибини бузиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, Жиноят кодексининг 229-2-моддасига (“Диний таълимотдан сабоқ бериш тартибини бузиш”) асосан жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

Шундай экан, мамлакатимизда амал қилаётган қонунчилик ҳужжатларини ҳурмат қилган ҳолда, уларга итоаткор бўлишга чақирамиз.

Барча янгиликлар

Text to speech