3 Феврал 2023 йил 745

Фарзандларимиз давлат эътиборида

Давлатимиз раҳбари бошчилигида ёшларнинг жамиятдаги нуфузи ва ролини янада ошириш, уларнинг камол топиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, ёш авлод муаммоларини ўрганиш ва бу борада амалий ёрдам кўрсатиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Белгиланган вазифаларни амалга оширишда Тошкент шаҳар ИИББ ҳам ўз ҳиссасини қўшмоқда.

Инсонга эътибор ва сифатли таълим йилида Тошкент шаҳар ИИББ ташаббуси билан вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида 51 нафар ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан ёрдамга муҳтож вояга етмаган болаларга қизиқиш ва қобилиятларини ҳисобга олган ҳолда бир ойлик ўқув курслари ташкил этилди.

Бир ойлик ўқув курсларининг очилиш маросимида Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи генерал-майор Азиз Ташпулатов, ҳамкор ташкилот вакиллари, болалар ва уларнинг ота-оналари иштирок этди. Бош бошқарма бошлиғи ўз нутқида мамлакатимиз раҳбарияти томонидан ёш авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг муносиб таълим-тарбия олиши, турли соҳаларда ўзини намоён қилиши учун шарт-шароит яратиш чора-тадбирлари амалга оширилаётганини таъкидлади.

Тадбирда иштирокчиларга бир ой муддатда ёшлар меҳнат бозорида харидоргир бўлган мутахассисликларни пухта эгаллашлари бўйича маълумот берилди. Шунингдек, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, миллий спорт ўйинлари ва спорт турларини оммалаштириш, ўғил-қизларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, истеъдодларини юзага чиқариш, қобилият ва ташаббусларини рағбатлантириш мақсадида интеллектуал ўйин ҳамда спорт мусобақалари ўтказилади. Режада маданий тадбирлар ҳам кўзда тутилган.

Бу каби ишлар ёшларга кенг имкониятлар эшигини очади, кўзлаган мақсадларига етишларида кучли рағбат бўлиб хизмат қилади.

Барча янгиликлар

Text to speech