1 Aprel 2022 Yil 867

Инсонпарварлик намунаси: «Оиламни қайтара олсам эди...»

Наврўз байрами арафасида Президентимизнинг «Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида»ги фармони эълон қилингани халқимизнинг меҳр-оқибат, бағрикенглик, мурувватлилик каби эзгу хислатларини ўзида мужассам этгани билан ҳам қадрли ва аҳамиятлидир.

Сўнгги йилларда адашиб хато йўлга кирган ва ўз қилмишига чин дилдан пушаймон бўлган минглаб инсонлар афв этилиб, соғлом ҳаётга, оиласи, фарзандлари бағрига қайтди. Уларнинг ортида ота-онаси, фарзандлари, оға-инилари ва бошқа яқинлари борлигини назарда тутсак, бу имконият неча-неча оилаларга, қанча инсонлар ҳаётига ёруғлик олиб кирганини тасаввур қилиш қийин эмас.

Пойтахтимизнинг Олмазор тумани Қўштут маҳалласида яшовчи 1951 йилда туғилган Акбарали Машрабов ҳам 2015 йили Жиноят кодексининг 273-моддаси 4-қисми «а» банди билан айбли деб топилиб, салкам 25 йилга озодликдан маҳрум этилган эди. Бағрикенглик сиёсати туфайли у муддатидан аввал озод этилди.

– Қилмишимдан жуда пушаймонман, – дейди у. – Фарзандларимга ўрнак бўлиш, набираларимга эртак сўзлаб бериш ўрнига, умримнинг энг гўзал лаҳзаларини панжара ортида ўтказдим... Икки ўғил, бир қизнинг отаси эдим, аммо бир ўғлим бахтсиз ҳодиса туфайли ҳаётдан бевақт кўз юмибди. У менинг ўйламасдан босган қадамларим ва хатоларим қурбони бўлди... Афсус...

Ёши етмишдан ошган Акбарали отанинг ҳасрат ёшлари ажин босган юзларини ювар, бемажол қўллари қалтирар, қуруқшаб қолган лаблари титрарди.

– Тоғамнинг озодликка чиқиши ҳақидаги хабарни эшитиб, бутун оиламиз билан севиндик. Бу йилги Наврўз байрами жуда ҳам эсда қоларли бўлди, – дейди жияни Жамолиддин. – Маҳалла аҳли ҳам яхши кутиб олди. Маҳалла идорасида йиғилиш ўтказилди. Ҳамма жойга ўзим олиб боряпман. Тоғам анча кексайибди...

«Энди нима қилмоқчисиз, тоғажон?» деб сўрасам, нигоҳларини узоқ-узоқларга тикиб, «Оиламни қайтара олсам эди...» дейди хўрсинганча. Унинг оиласи айни пайтда Чирчиқда, ўша ерга боргиси, қолган умрини оиласи билан бирга ўтказишни истайди. Аммо мени бир савол ўртайди: улар тоғамни қабул қилишармикан? Буни эса, албатта, вақт кўрсатади. Лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам,  мен тоғамни ёлғиз ташлаб қўймайман.    

– Кўча-кўйда авваллари «ўтириб чиққан» кишиларга нисбатан кўпчилик салбий муносабатда бўларди, – дейди кўчабоши Собир ака Қодиров. – Ҳамма қўлини бигиз қилиб кўрсатарди. Ҳозир афв билан жамиятга қайтганлар ҳамма қатори, тенг ҳуқуқли шахсга айланмоқда, барча имкониятлардан баҳраманд бўлмоқда.

Дарҳақиқат, афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланиши, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиши, жамиятда муносиб ўрин топиши учун кўмак бериш бўйича масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилган. Давлат ва нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорликда уларни оилага, жамиятга мослаштириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

– Туманимизда икки нафар фуқаро афв билан озодликка чиқди, – дейди Тошкент шаҳар Олмазор тумани ИИОФМБ Пробация бўлими бошлиғи, капитан Улуғбек Мусаев. – Уларга ҳокимият томонидан бир марталик моддий ёрдам олиш, туман тиббиёт бирлашмаси томонидан тиббий кўрикдан ўтказиш ҳамда фуқаролик паспорти олишда ёрдам бердик. Эндиги мақсадимиз уларни ижтимоий ҳаётга мослаштиришдир.

Ҳа, ўлкамизда Наврўз шукуҳи билан бирга кўплаб оилаларга қувонч, шодлик эпкини ҳам кириб борди. Бу хайрли ишлар бугун жамиятимизда кенг қулоч ёйган эзгу қадрият – барча ислоҳотлар инсон учун, унинг қадри учун, деган тамойил нечоғлиқ ҳаётбахш эканини янада яққол намоён этади.

Адолат ФАЙЗИЕВА,

«Postda» мухбири.

 

Barcha yangiliklar

Text to speech