20 Avgust 2022 Yil 614

Ёшлар – келажак бунёдкорлари: ИШОНЧНИНГ ҚУДРАТИ

Пойтахтимизнинг Янгиҳаёт тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасида фаол ва изланувчан ёш ходимлар кўпчиликни ташкил этади. Зиммасидаги масъулиятни чуқур англаб, топширилган вазифаларни кам-кўстсиз бажариб келаётган ходимлардан бири лейтенант Богдан Анисиндир.
Богдан билан суҳбатимиз жуда қизғин ва самимий кечди. Ўзбек тилида равон гапирадиган бу йигит бошқармада хизмат фолиятини бошлаганига кўп бўлмаса-да, аллақачон очиқкўнгиллиги, меҳнатсеварлиги билан жамоада ўз ўрнига эга бўлиб улгурибди. Буни суҳбат пайтида “Богдан, фалон иш нима бўлди?”, “Богдан, мана буни шундай қилсак бўладими?” дея сўраб келувчилар кўплигидан ҳам билиб олдик. У барча ҳамкасблари билан самимий бўлиб, ҳеч кимдан ёрдамини аямади.
Лавҳамиз қаҳрамони 2000 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Айтишича, болалигида жуда шўх бўлган экан.
– Боланинг тарбиясига у бирга ўйнайдиган, вақт ўтказадиган дўстлари, кўча муҳити ҳам катта таъсир қилади, – дейди лейтенант Богдан Анисин. – Мактабда яхши ўқисам-да, вақтимни кўпроқ кўчада ўтказардим. Дўстларим орасида ҳар хил болалар бор эди. Ўзимизни хон билиб, турли бемазагарчиликлар ҳам қилардик. Тўғриси, агар буни ўзгартирмасам, кўчабезори бўлишим аниқ эди. Отам буни вақтида англаб етиб, менга ётиғи билан тушунтирди. Бу йўлнинг охири вой эканини айтиб, тўғри йўлни кўрсатди.
Ўша кундан бошлаб Богданнинг ҳаётида туб бурилиш бўлди, десак, янгилишмаган бўламиз. У ўз олдига мақсад қўйди. Мақсади эса кўп йиллар жиноят қидирув, профилактика хизматларида фаолият кўрсатиб, нафақага чиққан падари бузруквори Наил Габдулин каби ички ишлар органи ходими бўлиш, отасининг касбини давом эттириш эди.
Кишида мақсад аниқ бўлиб, интилиш кучли бўлса, ҳамма орзулари рўёбга чиқаркан. Богдан Адлия вазирлиги қошидаги Юридик коллежни 2018 йили имтиёзли тамомлаб, ўша йилнинг ўзида ИИВ Академиясига ўқишга кирди. 2021 йили уни тамомлаб, ҳозирда фаолият кўрсатаётган жойи – Янгиҳаёт тумани ИИОФМБ ҳузуридаги Тергов бўлимида терговчи лавозимида хизматни бошлади.
Шу кунга қадар у 90 дан зиёд жиноят ишларини моҳирлик билан тергов қилиб, ҳаммасини судга оширган бўлса, бирортаси суддан қайтмади. Бу ёш ходимнинг ўз ишига масъулият билан ёндашаётганидан далолат беради.
– Академияда ўқиб юрган кезларимиз амалиётни Чилонзор тумани ИИОФМБда ўтагандик, – дейди лейтенант Богдан Анисин. – Академиядаги устозларимиз, бошқармадаги мураббийларимиз панд-насиҳати, тажрибаси билан касб сир-асрорларини яхши ўзлаштирдик. Бу ерда эса устозим – подполковник Жамол Жамиловдан кўп нарсаларни ўргандим. Аввало, раҳбарият менга ишонч билдириб, ҳар хил мураккаб ишларни ҳам топширди. Шу ишонч менга куч бермоқда.
Богданнинг яхши кўрган машғулотлари спорт ва китоб мутолааси экан. Мактаб даврида дзюдо билан мукаммал шуғулланиб, бир қанча ютуқларга эришган қаҳрамонимиз айни пайтда ҳам спортни ташлаб қўйгани йўқ. Қўл жанги бўйича шуғулланиб, маҳоратини ошириб бормоқда.

© POSTDA – На посту

Barcha yangiliklar

Text to speech