17 Iyun 2022 Yil 1411

ТАЖРИБАЛИ УСТОЗ, СУЮКЛИ БОБО

Бугунги қахрамонимиз - истеъфодаги полковник Мураджон Қобилович Каримов.
У 1952 йил 17 июнда Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугаллагандан сўнг, армия сафида хизматни ўтаб келиб, Тошкент Давлат Университетининг юридик факультетига ўқишга кирган.
Ички ишлар идораларидаги фаолиятини 1982 йилда Тошкент шахар Шайхонтохир тумани Ички ишлар бўлимида терговчи лавозимидан бошлаган. 1985-1990 йиллар мобайнида Тошкент шахар ИИБ Тергов бошқармасида фаолият олиб борган. Бу давр мобайнида тергов сохасидаги билими ва ижобий кўрсатгичлари кўзга кўрина бошлади ва у Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Тергов бошқармасига ўта мухим ишлар бўйича катта терговчи лавозимига ишга ўтказилди.
1990-1994 йилларда Республика бўйича ўта оғир кўп эпизодли жиноятлар бўйича тергов харакатларини олиб борди. Бу даврда ташкилотчилик ва раҳбарлик хусусиятлари намоён бўла бошлади. Шу туфайли 1994 йилда тергов сохасида раҳбарлик лавозимларига тайинланди ва 2005 йилгача тергов бўлими бошлиғининг ўринбосари лавозимидан Республика ИИВ Тергов бошқармаси бошлиғи лавозимигача бўлган йўлни босиб ўтди. Хизмати давомида Наманган, Андижон, Навоий, Сурхандарё, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида содир этилган оғир ва ўта оғир жиноятларни тергов қилишда тергов гуруҳига раҳбарлик қилган.
2005 йилда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Шахсий таркиб бўйича махсус инспекциясининг бошлиғи лавозимига тайинланган. Турли раҳбарлик лавозимларида фаолият юритган М.Каримов 2011 йилда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Махсус инспекцияси бошлиғи лавозимидан, полковник унвони билан нафақага чиққан. 2018 йилдан Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг маслаҳатчиси, айни вақтда 2019 йилдан Тошкент шаҳар ИИББ Фахрийлар Кенгаши раиси лавозимида фаолият юритиб келмоқда.
М.Каримовнинг Ички ишлар идораларидаги кўп йиллик самарали хизматлари инобатга олиниб, орден ва медаллар, кўкрак нишонлари, Фахрий ёрлиқлар билан тақдирланган. 1993 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист” унвони берилган. Ички ишлар вазирлиги ҳамда Тошкент шаҳар ИИББ раҳбарияти томонидан М.Каримовнинг қилаётган ишлари муносиб баҳоланиб, 2019 йили “Меҳнат шуҳрати” ордени, 2020 йилда “Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар органлари фахрий ходими” ҳамда 2021 йилда “Мустақилликнинг 30 йиллиги” кўкрак нишонлари билан тақдирланган.
М.Каримов фаолияти давомида бугунги кунда Ички ишлар органларида фахрийлар ва ёш ходимлар ўртасидаги “Устоз-шогирд” аньаналарини янада такомиллаштириш, ёш ходимларнинг миллий қадриятларга содиқ, чинакам ватанпарвар ва фидоий халқ хизматчиси бўлиб шаклланишига ўз хиссасини қўшиб келмоқда.
М.Каримовнинг ташаббуси билан Тошкент шаҳар ИИББнинг барча тизимларида ишга қабул қилинаётган ёш ходимлар ва уларнинг ота-оналари билан учрашувлар ташкил қилиниб келинмоқда, “Уч авлод учрашувлари” ўтказилмоқда, “Фахрийлар мактаби” тузилиб, унга хизмат ва ҳаётий тажрибаларга бой фахрийлар жалб қилинган.
М.Каримовнинг уч нафар фарзанди давлат идораларида хизмат қилиб, отасининг Ватан олдидаги садоқатли йўлини давом эттирмоқда. Тўққиз нафар набиралар ва тўрт нафар эваранинг суюкли бобосидир.
Тошкент шаҳар ИИББ раҳбарияти ва шахсий таркиби номидан, мехрибон устоз ва ўз ишига жонкуяр инсон, ИИО фахрийси - Мураджон Қобилович Каримовни муборак 70 ёшлари билан қутлаб, узоқ умр, сиҳат-саломатлик ва оиласи, яқинлари, дўсту биродарлари бахтига омон бўлишини тилаб қоламиз!

Barcha yangiliklar

Text to speech