25 Fevral 2022 Yil 1261

Соҳа фидойилари. Билим, малака, тажриба

Ички ишлар органлари тизимлари орасида ахборот технологиялари ва уни  кенг татбиқ қилиш билан боғлиқ йўналишнинг алоҳида ўрни бор. Замон шиддат билан ривожланаётган ва барча соҳаларга рақамли технологиялар кириб келаётган бир даврда бунинг аҳамияти катта.

Замонавий рақамли технологияларни ишлата олиш учун кучли билим ва малакага эга бўлиш лозим, – дейди Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот технологиялари, алоқа ва ахборотни ҳимоялаш бўлими бошлиғи, подполковник Баҳодир Шакулов. – Ўз касбининг устаси бўлган ана шундай ходимларимиздан бири майор Ерлан Ташмановдир. У билими, малакаси ва тажрибаси билан ҳамкасбларига ўрнак бўлган, таъбир жоиз бўлса, тизимнинг ричагини айлантирадиган мутахассисларимиздан. Топшириқларни ўз вақтида бекам-кўст бажариш, ёш ходимларга соҳа сирларини ўргатиш ва ёрдам сўраган ҳамкасбларига кўмаклашишдан эринмайдиган бу ходимнинг жамоада ҳам ўз ўрни бор.                                                                    

Дарҳақиқат, бўлимнинг Ахборот тизимлари, ресурслари ва маълумотлар базасини ривожлантириш бош мутахассиси лавозимида хизмат қилаётган қаҳрамонимизнинг фаолияти билан танишиш жараёнида ёш ходимлар ва ҳамкасбларининг бир неча бор мурожаат қилганига гувоҳ бўлдик. Барчасига эринмасдан, батафсил ва тушунарли тарзда тавсиялар берди.

– Бўлимимиз ҳамда унинг туман ИИОФМБдаги гуруҳлари томонидан идора ва тизимларда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш,  пойтахтда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва жиноятларни жиловлашда ахборот-коммуникация технологиялари имкониятларидан кенг фойдаланиш, ходимларда замонавий технологиялар билан ишлаш кўникмаларини шакллантириш каби бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилади, – дейди майор Е. Ташманов. – Жумладан, ИИББ ЖТСБ ходимлари билан ҳамкорликда пойтахтда босқичма-босқич «Хавфсиз шаҳар» концепцияси доирасида шаҳар ҳудудидаги аҳоли кўп тўпланадиган объектларга видеокузатув камералари ўрнатилиб, уларнинг геолокациялари «Геоинформацион электрон харита»га киритилмоқда.

Мутахассислар ўзлари масъул этиб бириктирилган ИИОФМБда доимий равишда ахборот технологиялари ҳамда алоқа йўналиши бўйича камчиликларни ўрганиб, уларни ўз вақтида бартараф этишади. Туман АТА ва АҲ гуруҳи муҳандисларига керакли кўрсатмалар беришади.

Маъмурий жавобгарликка тортилган шахслар тўғрисидаги маълумотларни ваколатли органлар томонидан текшириш, зарур маълумотларни олиш ҳамда улардан фойдаланиш «Е-mamuriy ish» тизими орқали амалга оширилиши бўйича ИИББда ишчи гуруҳ тузилган. ИИББ ҲПБ ва унинг қуйи тизимларида хизмат олиб бораётган профилактика инспекторларининг касбий малакасини ошириш мақсадида ўқув курслари ташкил этилиб, уларга маъмурий баённомаларни планшетлар орқали расмийлаштириш, қарор қабул қилиш, ҳужжатларни судга тақдим этиш ва онлайн тартибда суд мажлисларни ўтказиш ҳамда жарималарни ихтиёрий тўламаган фуқароларнинг баённомларини электрон тартибда ҳудудий МИБларга юбориш тартиби тушунтирилмоқда. Бундан ташқари, жойларга чиқиб, ишчи гуруҳ томонидан ўрганиш давомида онлайн суд ўтказиш давомида интернет тезлиги ва техник носозлик юзасидан камчиликлар аниқланиб, улар ўз вақтида бартараф этилмоқда.

Майор Ерлан Ташманов Тошкент ахборот технологиялари университетининг бакалавр ҳамда магистратура босқичини муваффақиятли тамомлаган. 2013 йилда ИИББ Алоқа бўлимида тезкор алоқа муҳандиси лавозимида фаолиятини бошлаган лавҳамиз қаҳрамони ҳозирги кунгача турли лавозимларда фаолият юритиб, пойтахтда ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликнинг олдини олиш ҳамда осойишталикни таъминлашга муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда.

Ўқитувчилик касбини танлаган турмуш ўртоғи Гулзода Абдуллаева билан икки ўғил ва бир қизни тарбиялаб вояга етказишмоқда. Қаҳрамонимизнинг оила аъзолари, қўни-қўшнилари ва маҳалладошлари унинг ички ишлар органлари ходими эканлиги, эгнига ярашиб турган формани виқор билан кийиб юришидан фахрланишади. Хизмат жойида, оилада, маҳалласида ҳурмат-эътиборга сазовор бўлган ходим учун бундан ортиқ бахт бўлмаса керак.

Сарвар СОБИРОВ, «Postda» мухбири.

Barcha yangiliklar

Text to speech