11 Noyabr 2022 Yil 1190

Шижоат ва иштиёқ билан

Подполковник Гулнора Умарова Тошкент шаҳар Яккасарой тумани ИИОФМБ 1-сонли Ички ишлар бўлими бошлиғининг ташкилий масалалар бўйича ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келмоқда. Бу даражага етгунича қарийб у 20 йил хизмат қилиб, соҳада суяги қотиб, тажрибаси ортиб, натижада раҳбар бўлиб шаклланди.
Унинг шу кунгача бўлган фаолиятига бир қур назар ташлайдиган бўлсак, ИИВ Академиясини тамомлаб, Сергели тумани ИИБ ХЧК ва ФРБ паспорт бўлинмасида оддий инспектор лавозимида хизматни бошлади. Дастлаб унга майор Одил Файзиев устозлик қилди. Кейинчалик шахсини тасдиқловчи ҳужжатни расмийлаштириш, алмаштириш ва фуқароларга ўз муддатида топшириш борасида майор Қодир Ҳошимовдан билмаганларини ўрганди.
Ўзига яраша тажриба тўплаган Гулнора кейинги хизмат фаолиятини Яккасарой тумани ИИБ ЖҚ ва УЖҚКБ бўлинма тезкор вакили лавозимида давом эттирди. 2020 йилда туман ИИОФМБ 1-сонли ИИБ бошлиғи ўринбосари лавозимида самарали хизмат қилиб келмоқда.
Ҳозирда унинг иши жуда тиғиз. Бироқ касбини севгани боис қийинчиликлари билинмайди. Эрталабки умумий йўриқномада қатнашганидан сўнг ИИБга келиб тушган ҳужжатларни кўздан кечириб, уларни ижрочиларга беради. Мурожаат билан келган фуқароларни қабул қилиб, уларнинг муаммоларини ўрганади ва ҳуқуқий тушунтиришлар беради. Жиноят қидирув ходимлари билан эса очилмаган жиноятлар бўйича гаплашиб, унинг сабаблари муҳокама қилинади. Шунингдек, навбатчилик қисми «102» тизимига келиб тушаётган ҳар бир хабар ва ҳодисадан ўз вақтида воқиф бўлиб туради.
– 1-сонли ИИБ ҳудудига «Муҳандислар», «Қушбеги», «Бошлиқ», «Дилбулоқ» ва «Армуғон» маҳаллалари киради, – дейди подполковник Г. Умарова. – Жорий йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида ҳудудда умумий жиноятлар 259 тадан 216 тага, жиноят қидирув йўналиши бўйича содир этилган жиноятлар 210 тадан 160 тага камайган. Хусусан, жиноят қидирув соҳасида қайд этилган жиноятларнинг турлари бўйича таҳлил қилганимизда, талончилик 6 тага, ўғирлик 12 тага, фирибгарлик 14 тага, безорилик 2 тага, енгил тан жароҳати етказиш 2 тага камайишига эришилди.
Тўғри, айрим жиноят турларининг содир этилиши бироз ошган, шунинг учун ходимлар ҳамда раҳбарият билан ҳамкорликда келгусида бунинг олдини олиш ва сабабларини аниқлаш юзасидан тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Подполковник Гулнора Умарованинг мақсади ҳудудда жиноятчиликни кескин камайтириш. Бу борада, аввало, ўзига, қолаверса, қўл остидаги ходимларга ҳам хизматга масъулият билан ёндашиш талабини қўяди. Шунинг учун бўлса керак, аёллиги ва раҳбар бўлса-да, юрт тинчлиги ва осойишталиги йўлида тиним билмасдан фаолият олиб бораётганини кўрган ходимлар янада шижоат ва иштиёқ билан хизмат қилишга интилади. 

Barcha yangiliklar

Text to speech