Савдо қилаётганингизда пулларни ҳақиқийлигига ишонч ҳосил қилинг, акс ҳолда ...
2022 йилнинг 2 декабрь куни 2001 йилда туғилган Мухриддин Ж. Учтепа тумани 12-мавзе ҳудудида ўзига тегишли бўлган “iPhone-13 ProMax” русумли уяли алоқа воситасини ижтимоий тармоқ орқали танишган номаълум шахсга 1 000 АҚШ долларига сотган. Сотувдан хурсанд бўлиб уйга қайтган фуқаро, ушбу пуллар қалбаки эканлигини сезиб қолган. Зудлик билан “102” рақами орқали жиноят ҳақида хабар берган Мухриддин Ж.нинг мурожаати Учтепа тумани ИИО ФМБ ходимлари томонидан ўрганилиб, гумон қилинувчи шахс 1997 йилда туғилган Байрамали Б. ушланган ва жиноят “иссиқ изи”дан фош этилган. Байрамали Б. холислар иштирокиа шахсий тинтув қилинганда, унинг ёнидан яна 1 900 АҚШ доллари борлиги аниқланиб, баённома асосида расмийлаштириб олинган. Далилий ашё сифатида олинган жами 2 900 АҚШ доллари хақиқий ёки сохталигини текшириш мақсадида судга оид техникавий экспертиза тайинланган ва Тошкент шаҳар ИИББ Эксперт криминалистика марказига тақдим этилган. Марказ мутахассислари томонидан олиб борилган тадқиқотлар натижасида тақдим этилган 2 900 АҚШ доллари қалбаки эканлиги аниқланган. Мазкур ҳолат юзасидан Учтепа тумани ИИО ФМБ тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 176-моддаси (“Қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш”) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.