7 Yanvar 2022 Yil 1677

ЙИГИРМА ИККИ ЙИЛ ТЕРГОВ СОҲАСИДА

1958 йил 14 февралда Тошкент шаҳрида туғилган. Маълумоти олий. 1982 йилда Тошкент давлат университетининг ҳуқуқшунослик факультетини тамомлаган.

Ички ишлар органларидаги хизмат фаолиятини 1977 йили Тошкент шаҳар Собир Раҳимов тумани (ҳозирги Олмазор тумани) ИИБда бошлаган. 2007 йилга қадар Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси ва Собир Раҳимов тумани ИИБ Тергов бўлимида турли лавозимларда хизмат қилган.

Хизмат фаолияти давомида кўп маротаба рағбатлантирилган.

«Исроил аканинг қизи Мукаррам милиция хизматига кирибди». Бу хабар тезда қариндош-уруғларга тарқалди. Кимдир ишонди, кимдир ишонмади. Вақт топганлари Исроил аканинг уйига шошилди. Айниқса, тоғалари қиз боланинг милиция ходими бўлганига эътироз билдиришди.

— Почча, бизнинг уруғда ҳатто эркаклар бу хизматга кирмаган, нега энди Мукаррамга рухсат бердингиз?

— Бу қизимни биласизлар,  ушлаган жойини кесадиган. Ўқувчилик пайтидан прокурор бўламан, дерди. Мана, ҳуқуқшуносликка ўқияпти, ўз соҳасида ишлаши керак, ўзи танлаб иш топибди, мен жуда хурсанд бўлдим, – деди эътирозларга жавобан Исроил ака.

Тоғалар Исроил акага қараб ҳамма гап сизда экан-да, деб турганида, эшикдан ички ишлар органи ходими формасини кийган Мукаррам кириб келди. Кийими ўзига ярашган, шундоқ ҳам йигитлардек қаддини тик кўтариб юрадиган Мукаррам янада залворли бўлиб кўринди. Қариндошларнинг уни табриклашдан бошқа иложлари қолмади.

– Мен Тошкент давлат университети ҳуқуқшунослик факультетининг кечки бўлимига ўқишга киргандим, — дея эслайди М. Султонова. – Кундузи ишлаш учун Собир Раҳимов тумани ИИБга таклиф қилишди. У пайтларда машинкада ёзадиган ходим штати бўларди. Аввалига уйдагиларга университетнинг ўзидан иш топдим, дедим. Ички ишлар идорасида ишлаётганимни билдирмадим. Вақт келиб, ходимларнинг ҳаммаси милиция формасини кийиб юриши шарт этиб белгилангандан кейин қаерга ишга кирганимни отамга айтдим. Очиғи, ҳадиксираб, қўрқиб айтдим. Аммо отам мендан хафа бўлмади, аксинча, баракалла, қизим, шу касбни танлабсан, омадингни берсин, юқори мартабаларга эришгин, дея тилак билдирди. Бу пайтда дунёда мендан бахтли инсон йўқ эди.

Истеъфодаги подполковник Мукаррам Султонованинг ички ишлар органларидаги фаолиятининг асосий қисми тергов хизмати билан боғлиқ. Оддий терговчи этиб тайинланган қаҳрамонимиз йиллар ўтиб катта терговчи, тергов бўлинмаси, бўлими бошлиғи лавозимларига кўтарилди.

— Бир куни икки йигит автобусда кетаётиб, бир қизга гап отади, танишсак бўладими, дейди. Қиз қўрқиб кетади. Унинг устига, йигитлар ҳам у тушган бекатда автобусдан тушади. Қиз юрган томонга улар ҳам юради. Қизнинг қўрқуви бадтар ошади. Бу воқеа Тошкентнинг Қорақамиш мавзесида бўлиб ўтади. Қиз кўп қаватли уйда яшар экан. Ортига қарай-қарай, уйига шошилади. Йигитлар ҳам унинг ортидан келаверади. Қиз уйига яқинлашганида, овози борича ёрдам беринглар, деб бақиради. Йигитлар тез-тез юриб, туман ИИБ биноси томонга ўтиб кетади. Қизнинг отаси уйидан чиқиб тўғри ички ишлар бўлимига келади. Бу пайтда йигитлар идорада эди. Булар қизимга тегажоғлик қилди, уларни қамаларинг, деб туриб олади.

– Терговчи сифатида мен йигитлар ва қизнинг ўзи билан суҳбатлашдим, – дейди Мукаррам опа. – Қизга нисбатан зўравонлик, мажбурлаш каби ҳеч қандай жиноий ҳаракат қилинмаган. Бор-йўғи танишайлик, деган гап айтилган. Хуллас, йигитларни жавобгарликка тортишга ҳеч қандай асос бўлмагани сабабли уларга ҳеч қандай чора кўрилмади. Қизнинг отаси менинг устимдан аввал Республика Ички ишлар вазирлиги ва Бош Прокуратурага арзнома ёзди. Кейин Москвага, бир неча нуфузли идораларга мурожаат қилди. Арзномаларига бир хил, терговчи тўғри йўл тутган, деган жавоб олди.

Мукаррам Султонова ички ишлар органларида ўттиз икки йил хизмат қилди. Йигирма икки йил тергов соҳасида ишлади. Касбига садоқати, жонкуярлиги, қолаверса, самимийлиги, меҳрибонлиги, ҳаммага бирдай муносабатда бўлгани туфайли ҳурмат-эҳтиромга сазовор бўлди.

– Дастлаб терговни эплай олармиканман, деб чўчигандим. Хавотирим ўринсиз экан. Сабаби, тажрибали терговчилар ҳар доим мени қўллаб-қувватлашди. Муҳиддин Ўлғошев, Норқул Тоштемиров, Сайфулла Асатов, Неля Сталирова, Алишер Шарофутдинов ва прокурор Азиз Муҳаммадиевлар тергов сирларидан сабоқ бердилар. Кейинчалик ўзим ҳам Орифжон Умаров, Ольга Бадалова, Рустам Жўраевларга устозлик қилдим.

Мукаррам Султонова ички ишлар органларида хизмат қилиш машаққатли эканини билса-да, қизи Мадинанинг терговчи бўлишига монелик қилмади. Аксинча, унинг изидан бораётганидан қувонди, йўл-йўриқ кўрсатди, кўмаклашди. Қизи – подполковник Мадина Султонова айни вақтда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментида терговчи вазифасида хизмат қилмоқда.

«Тергов хизмати фахрийлари» китобидан. 

Barcha yangiliklar

Text to speech