19 May 2022 Yil 1020

“Хавфсиз пойтахт” профилактик ойлиги амалда

Хабарингиз бор, жорий йил 15 майдан 15 июнгача Тошкент шаҳрида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жиноятчиликни барвақт олдини олиш, фуқаролар тинчлигини таъминлаш мақсадида Тошкент шаҳар ИИББ, Миллий гвардия Тошкент шаҳар бошқармаси, шаҳар прокуратураси билан ҳамкорликда “Хавфсиз пойтахт” профилактик ойлиги эълон қилинган.

Профилактик ойликни самарали ташкил этиш мақсадида, Тошкент шаҳар ИИББда тезкор штаб ташкил этилган бўлиб, унда ҳамкор ташкилотлар ва ИИОнинг барча тизимларидан иборат ишчи гуруҳ тузилган.

Ишчи гуруҳ томонидан, пойтахт ҳудудида ташкил этилган профилактик тадбирлар 24 соат мобайнида назорат қилинмоқда.

Бугун ҳам Тошкент шаҳар ИИББ ҲПБ, Бош бошқарма Ахборот мултимедиа маркази, Учтепа тумани ИИО ФМБ ва бошқа хизмат ходимлари Учтепа туманида жойлашган “Фарҳод” деҳқон бозори ҳамда автомобиллар эҳтиёт қисмлари бозорида бўлишиб сотувчилар, тадбиркорлар ва ҳаридорлар билан профилактик суҳбат ўтказишди. Бозор ҳудудига ўрнатилган кузатув камераларнинг созлиги текширилди.

Фирибгарликларнинг турлари ҳақида маълумот берилиб, уларнинг тузоғига тушиб қолмасликлари бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди ҳамда профилактик аҳамиятга эга эслатмалар тарқатилди. Айниқса шубҳали СМС хабар ва қўнғироқларга ҳушёр бўлишлари, пластик карта кодларини ҳеч кимга айтмасликлари сўралди.

“Хавфсиз пойтахт” профилактик ойлиги доирасида ҳар бир туманда содир этилаётган жиноятлар маҳалла фаоллари иштирокида муҳокама қилиниб келинмоқда. Хусусан, Учтепа тумани “Ватан” маҳалласида ҳам содир этилган жиноят муҳокамаси ўтказилди. Сўз олганлар келгусида маҳаллада жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш фуқароларнинг барчасига боғлиқ эканлигини такидлашди.

“Хавфсиз пойтахт” ойлиги бошлангандан буён профилактика инспекторлари томонидан ҳуқуқбузарларга нисбатан 3193 та маъмурий баённома расмийлаштирилди.

ЙПХ томонидан тадбир бошидан 6929 та ҳуқуқбузарликлар аниқланган. Шулардан, 1435 та қўпол, 69 та маст ҳолатда автоуловни бошқариш ҳамда бошқа турдаги қоидабузарликлар аниқланиб, белгиланган тартибда чора кўрилди.

Пробация хизмати ходимлари томонидан 374 нафар маҳкумнинг яшаш жойлари ўрганилиб, суд томонидан белгиланган чекловларга амал қилмаган 18 нафар шахс аниқланди ва жиноят ишлари бўйича туман судларига тақдимномалар киритилиб, суд ҳукми билан жазони ижро этиш муассасасига қайтарилди. Белгиланган тақиқ чекловларга амал қилиб, ўзига тегишли хулоса чиқариб, тузалиш йўлига ўтган 18 нафар маҳкумлар суд ҳукмига кўра жазодан муддатидан илгари шартли озод қилинди.

ИИО ходимлари томонидан тадбир бошланганидан буён 17 нафар қидирувда бўлган шахс ушланди, 25 та жиноят иссиқ изидан фош қилинди.

“Хавфсиз пойтахт” профилактик ойлиги давом этмоқда.

            

Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот мулътимедиа маркази

Barcha yangiliklar

Text to speech