25 Iyun 2022 Yil 1255

ФАХРИЙЛАР ЙЎЛБОШЧИСИ

Пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманида истиқомат қилиб келаётган ички ишлар органлари фахрийси, истеъфодаги полковник Муроджон Каримовга шундай эътирофлар муносиб. Хизмат фаолиятининг катта қисмини тергов соҳасида, турли раҳбарлик лавозимларида ўтказган бу инсон яқинда табаррук 70 ёшни қарши олди.
1952 йилда азим пойтахтда таваллуд топган Муроджон Каримов армия сафида хизматни ўтаб қайтгач, Тошкент давлат университетининг юридик факультетида таҳсил олди. Ички ишлар органларидаги фаолиятини 1982 йили Шайхонтоҳур тумани ИИБда терговчи лавозимида бошлади. 1985–1990 йилларда Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармасида фаолият кўрсатиб, кўплаб мураккаб, чигал жиноят ишларини тергов қилишда иштирок этди. Хизматда ютуқларга эришгани учун тез орада ИИВ Тергов бошқармасига ўта муҳим ишлар бўйича катта терговчи лавозимига ўтказилди.

Қаҳрамонимиз 1990–1994 йилларда республика бўйича ўта оғир жиноятлар бўйича тергов ҳаракатларини олиб борди. Бу даврда ташкилотчилик ва раҳбарлик фазилатларини намоён этиб, тергов бўлими бошлиғи ўринбосарлигидан ИИВ Тергов бош бошқармаси Тергов фаолиятини мувофиқлаштириш, назорат этиш ва ахборот-таҳлил таъминоти бошлиғи лавозимигача бўлган йўлни босиб ўтди. Хизмати давомида Наманган, Андижон, Навоий, Сурхондарё, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида содир этилган оғир ва ўта оғир жиноятларни тергов қилишда тергов гуруҳларига раҳбарлик қилди.

Бир муддат ИИВ Шахсий таркиб бўйича махсус инспекцияси бошлиғи лавозимида фаолият кўрсатди. 2007 йилда ИИВ Ҳуқуқий таъминлаш ва оммавий ахборот воситалари билан алоқа қилиш бошқармаси бошлиғи лавозимидан полковник унвонида пенсияга чиқди.

Муроджон Каримов айни пайтда Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг маслаҳатчиси ва бош бошқарма Фахрийлар кенгашининг раиси лавозимида фаолият кўрсатиб келмоқда. Фахрий «устоз – шогирд» анъанасини янада такомиллаштириш, ёш ходимларнинг миллий қадриятларга содиқ, чинакам ватанпарвар ва фидойи халқ хизматчиси бўлиб шаклланишига ўз ҳиссасини қўшяпти.

Хизматга қабул қилинаётган ёш ходимлар ва уларнинг ота-оналари билан Муроджон Каримовнинг ташаббусига кўра, учрашувлар ташкил қилиш бугун анъана тусини олган. Уч авлод учрашувлари ҳам мунтазам ўтказиб келинмоқда. «Фахрийлар мактаби» тузилиб, унга бой амалий ва ҳаётий тажрибага эга фахрийлар жалб қилинмоқда.
Унинг кўп йиллик самарали хизматлари раҳбарият томонидан муносиб баҳоланиб, эътироф этиб келинмоқда. Хусусан, 1993 йилда Муроджон Каримовга «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист» унвони берилган бўлса, 2019 йили у «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланди.

Муроджон Каримов шунча ишлардан ортиб, кексалик гаштини суришга, оиласи билан бирга бўлишга ҳам вақт топади. Эл корига ярайдиган қилиб тарбиялаган уч нафар фарзанди эса айни пайтда давлат идораларида халқимизга сидқидилдан хизмат қилмоқда. 9 нафар набира, 4 нафар эваранинг суюкли бобоси бўлган Муроджон Каримов шу кунларга етказганига шукур қилиб, юртга тўкинчилик, осойишталик сўраб дуо қилишдан чарчамайди.

Barcha yangiliklar

Text to speech