10 Dekabr 2022 Yil 1206

Фахрийлар – фахримиз: Йигит умрига тенг хизмат йўли

Истеъфодаги подполковник Абдимўмин Бекпўлатов жавондан йиллар муҳрини қолдирган суратлар ва ҳужжатларни олиб, бир қур кўздан кечираркан, йигит умрига тенг хизмат йўли кўз олдида гавдаланди. Ахир уларда ИИВ Тошкент олий милиция мактабига киргандан бошлаб, қарийб 36 йиллик хизмат даврлари акс этган эди...
Самарқанд вилоятининг Қўшрабод туманида туғилган Абдимўмин ўрта таълим мактабининг юқори синфида ўқиб юрган кезлари акасига – ички ишлар органи ходими Деҳқон Ражабовга ҳавас қиларди. Бу ҳавас отлиғ куртак йиллар ўтиб ўз мевасини берди.
Осойишталик посбони бўлишни мақсад қилиб қўйган ўғлон ҳужжатларини ИИВ Тошкент олий милиция мактабига топширади. 1990 йилда мазкур таълим даргоҳини тамомлаб, фаолиятини Тошкент шаҳар Миробод тумани ИИБ ЖҚБ тезкор вакили лавозимидан бошлайди. Ёш ходимга тажрибали, жиноятларни фош этишда зийраклиги, топқирлиги билан ҳамкасбалари орасида обрў қозонган полковник Иван Григорьев устозлик қилди. Кейинчалик эса полковниклар Ҳусан Мирзаев ва Евгеней Пакдан билмаганларини ўрганди.
Қарийб йигирма йил туман ИИБда фаолият юритиб, кўплаб жиноятларни «иссиқ изида» очилишида жонбозлик кўрсатди. Оддий тезкор вакилликдан ЖҚБ бошлиғи лавозимигача бўлган йўлни босиб ўтди.
2019 йилдан пенсияга кузатилгунига қадар ИИББ ТҚКБ тезкор бўлинмалар билан ҳамкорликни таъминлаш бўлинмаси бошлиғи лавозимида фаолият юритди.
– 2002 йилда Миробод тумани ИИБга битирув амалиётига келганимда ва кейинчалик ЖҚБда иш бошлаганимда Абдимўмин Бекпўлатов мураббийлик қилган, – дейди шогирди Миробод тумани ИИОФМБ бошлиғининг биринчи ўринбосари, подполковник Қаҳрамон Исматов. – Устоз хизматга келганҳар бир ходимдан нима муаммоси борлигини сўрар ва уни ҳал этмагунча ишда унум бўлмаслигини уқтирарди. Энг муҳими, бирор бир ҳал этилиши лозим бўлган масала бўлса, биринчи бўлиб ёрдам беришга ҳаракат қиларди. Кўплаб жиноятларни у кишининг кўрсатмаси ва маслаҳати билан «иссиқ изида» очишга муваффақ бўлганмиз. Чунки у ҳудуддаги креминоген вазиятни жуда яхши билар эди.
60 ёшни қаршилаётган қаҳрамонимизнинг умр дафтарида бир олам битиклар бор. Бугун ундан айримларинигина тасвирладик холос. Орамизда мана шундай фидойиларнинг борлиги, пенсияга кузатилган бўлса-да, шогирдлари ҳамда ҳамкасбларига ўзининг йўл-йўриқлари ва маслаҳати билан йўл юлдуз бўлаётгани соҳа ривожи учун ҳисса бўлиб қўшилажак, албатта.
Сарвар СОБИРОВ,
«Postda» мухбири.

Barcha yangiliklar

Text to speech